Январь-март ойларида Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламаганларга нисбатан 32 мингдан ортиқ баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Транспорт назорати инспекцияси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, инспекция ходимлари «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси билан ҳамкорликда автобусларда рейд тадбирларини ўтказмоқда. 2026 йилнинг дастлабки уч ойида 32 450 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, улар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Қайд этилишича, тўлов тизими ва инспекторлар фаолияти рақамлаштирилган.
Хусусан, айрим автобус йўналишларида кучайтирилган назорат жорий қилинган. 2026 йил бошидан буён 28 та йўналишда шундай текширувлар ўтказилгани, натижада транзакциялар сони ошгани айтилмоқда.
Инспекция йўловчиларни жамоат транспортидан фойдаланишда белгиланган қоидаларга риоя қилиш ва йўл ҳақини ўз вақтида тўлашга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида 11 502, февралда эса 10 280 йўловчи автобусда чиптасиз юргани учун жаримага тортилган эди.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси (Чиптасиз юриш)га кўра, жамоат транспортида йўлкира тўламаган йўловчига БҲМнинг 1/10 қисми (41 200 сўм) миқдорида жарима белгиланади.
Чиптасиз юрганларни жаримага тортиш 2025 йил 14 мартдан бошланган. Август ойида ўшандан буён Тошкент автобусларида чиптасиз юрган 4090 йўловчига маъмурий чоралар кўрилгани хабар берилганди.
2025 йилда Тошкент шаҳрида автобусда йўловчи ташишдан олинган даромад 16 фоизга ошиб, 644 млрд сўмга етди. Автобуслар ҳаракат интервали икки баробарга қисқариб, 18−20 дақиқадан 8−10 дақиқага тушгани қайд этилган. Шу билан бирга, кунлик йўловчи оқими 650 мингдан 1,4 миллион нафаргача кўпайган.