• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда Ноолимпия спорт турлари конфедерацияси тузилади


Ўзбекистонда Ноолимпия спорт турлари конфедерацияси тузилади. Тегишли таклиф 7 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан маъқулланди.

Қарор бундай спорт турларига қизиқиш ошгани билан боғлиқ: йиғилишда қайд этилган маълумотларга кўра, бугун 100 мингдан ортиқ ёшлар олимпия ўйинига кирмаган спорт турлари билан доимий шуғулланяпти. Улар дзюдо, спорт курашлари, таэквондо, қиличбозлик, оғир атлетика каби олимпия спорт турлари учун тайёр захира экани таъкидланди.

Оммабоп ноолимпия спорт турларига автоспорт (Формула-1, MotoGP), яккакурашлар (MMA, самбо, жиу-житсу, сумо), ўйин турлари (крикет, сквош, боулинг, бенди, флорбол, бейсбол/софтбол), фаол ва элита спорт турлари (чирлидинг, ориентирлаш, рақс спорти, фрисби, пляж гандболи, флаг-футбол), шунингдек бильярд ва йога киради.

Шу муносабат билан Спорт вазирлиги ва ҳокимларга спорт мактабларида ёшлар қизиқадиган ноолимпия спорт турлари бўйича ҳам секциялар фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Давлат раҳбари Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида тўхталиб ўтди. 2026 йилдан Президент Олимпиадаси доирасида мусобақа ўтказиладиган спорт турлари 2 карра кўпайтирилиб, 21 тага етказилади. Энди мазкур олимпиада параспорт бўйича ҳам ўтказилиши белгиланди.

Ҳар бир туман, вилоят ҳокими ўз ҳудудида Ҳоким олимпиадасини ташкил қилади. Ушбу мусобақалар ғолиблари Президент олимпиадасига йўлланма олади.

Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлими директорлари бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимларига спорт бўйича маслаҳатчи бўлади.

Пойтахтдаги 7 та олий спорт маҳорати мактаби тугатилиб, ўрнига Олимпия шаҳарчасида Олимпия терма жамоалари маркази ташкил қилинади. Жойлардаги 56 та ихтисослашган спорт мактаби ҳам марказнинг бошқарувига ўтади.

Шунингдек, адаптив спорт турлари бўйича кадр тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими ҳам ўзгаради. Герсен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент филиали инклюзив спорт бўйича таянч олийгоҳга айланади.

Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташхожаевга тегишли қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Пара спортчилар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда ўқув-йиғин машғулоти, республика ва халқаро мусобақаларда пара спортчига ҳамроҳлик қилганларга транспорт ва яшаш харажатлари қоплаб берилади. Уларга ҳар ойда спорт мактаблари тренерлари ойлигига тенг миқдорда маош тўланади.

Президент яқинда қабул қилинган қонун барча даражадаги раҳбарларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги масъулиятини оширишини таъкидлади.

«Бундан буён ушбу раҳбарлардан талаб ҳам, сўров ҳам шунга яраша бўлади», — деди давлат раҳбари.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *