Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 9 апрель куни Кипрда бўлиб ўтган Номзодлар турнирининг 10-турида оқ доналарда ҳаракат қилиб, ҳиндистонлик гроссмейстер Рамешбабу Прагнанандҳа устидан ғалаба қозонди.
Партия кескин ва тактик мураккабликларга бой тарзда кечди. Ўйин ўрталарида Синдаров фигураларини қурбон қилиб, таваккалчиликка асосланган ўйинга қўл урди ва натижада динамик компенсацияга эришди. Якунда ўйин эншпилга ўтди, унда ўзбекистонлик шахматчи рақибнинг иккита ладясига қарши фарзин ва ортиқча пиёдаларга эга бўлиб қолди. У ушбу устунликни ишонч билан ғалабага айлантирди.


Шу тариқа, Синдаров турнир давомида Прагнанандҳани иккинчи бор мағлуб этди — биринчи даврада ҳам у қора доналарда ўйнаб, ҳинд шахматчисидан устун келган эди.
Ўзбекистон вакили параллель кечган учрашувлар натижалари туфайли турнир жадвалидаги пешқадамлигини мустаҳкамлади. Унинг асосий таъқибчиси бўлган Аниш Гири (Нидерландия) АҚШ вакили Ҳикару Накамура билан дуранг ўйнади.

Бу Синдаровга турнир тугашига тўрт тур қолганда энг яқин таъқибчиларидан икки очкога ўзиб кетиш имконини берди (10 имкониятдан 8 очко).
11-тур баҳслари 11 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Синдаров қора доналарда Фабиано Каруанага қарши дона суради.
2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда бўлиб ўтмоқда ва унда сайёранинг саккизта энг кучли гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) ўзаро куч синашади. Турнир ғолиби амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.
Вақт назорати қуйидагича белгиланган: дастлабки 40 та юриш учун икки соат, сўнгра партия охиригача 30 дақиқа қўшилади. Биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сонияли инкремент мавжуд. 40-юришгача дурангга келишиш тақиқланган. Ғалаба учун 1 очко, дуранг учун 0,5 очко берилади.
