• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш учун бонд омборлари ташкил этилади


Пайшанба куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган тақдимотда электрон тижоратни ривожлантириш ва бонд омборлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари электрон тижоратни иқтисодиётнинг асосий «драйвер»ларидан бирига айлантириш, соҳада замонавий инфратузилмани яратиш, шунингдек, рақамли платформалар фаолияти учун қулай ва шаффоф муҳитни шакллантириш бўйича топшириқлар берди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда электрон тижоратнинг чакана савдодаги улуши 4−4,6 фоизни ташкил этиб, жаҳондаги ўртача 22 фоизлик кўрсаткичдан 5 баробар кам. Мамлакатда ушбу улушни 9−11 фоизга етказиш учун етарли салоҳият мавжуд.

Сўнгги саккиз йил ичида мамлакатда электрон тижорат ҳажми 20 баравар ўсиб, 1,3 млрд долларни ташкил этди. Рақамли платформалар сони эса 120 тадан ошди. Ушбу соҳада 750 минг киши банд бўлиб, бюджетга ҳар йили 200 млрд сўм миқдорида солиқ тушумлари тушмоқда.

Бонд омборлари — бу импорт товарларини божхона тўловлари ва солиқларини кечиктирилган тартибда тўлаш шарти билан божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган махсус омборлардир.

Божхона тўловларини товар сотилган вақтда тўлаш тизимининг жорий этилиши камида 500 млн доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги омборхоналарнинг умумий майдони 634 минг кв. мни ташкил этиб, уларнинг 72 фоизи пойтахт ва Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади. Мавжуд омборларнинг фақат 34 фоизи замонавий «А» тоифасига киради. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин беш йил ичида мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши учун 2,5 миллион кв. м замонавий омборхона майдонлари талаб этилади.

Йирик халқаро маркетплейсларнинг замонавий омборлари тармоғини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Бунда рақамли платформалар ва бонд омборлари солиқ ҳамда божхона тизимлари билан чуқур интеграция қилиниши лозим.

2026−2028 йилларда эксперимент тариқасида «импорт — бон омбори — махсус электрон савдо платформаси — истеъмолчи» циклига асосланган янги механизмни жорий этиш режалаштирилган. Ушбу тартибга кўра, товарлар бонд омборига жойлаштирилади, махсус электрон платформа орқали сотилади, божхона декларацияси ва тўловлари эса бевосита сотув босқичида амалга оширилади.

Бонд омборлари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишини осонлаштириши, айланма маблағларга тушадиган юкни камайтириши, логистика харажатларини қисқартириши ва экспорт рақобатбардошлигини ошириши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *