Қозоғистон дори воситалари ва импорт қилинадиган вакциналарни тартибга солиш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) таснифига кўра «учинчи даражали етуклик» (ML3 — Maturity Level 3) мақомини олган Марказий Осиёдаги илк давлат бўлди. Бу ҳақда БМТ сайтида хабар қилинди.

Ушбу мақом миллий тартибга солиш тизими халқаро стандартларга жавоб беришини ҳамда тиббий маҳсулотларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги устидан юқори даражадаги назоратни таъминлашга қодирлигини тасдиқлайди.

ЖССТ бош директори ёрдамчиси Юкико Накаданининг сўзларига кўра, бу натижа Қозоғистоннинг мустаҳкам соғлиқни сақлаш тизимини қуриш ва аҳолининг хавфсиз ҳамда сифатли препаратлардан фойдаланишини таъминлаш борасидаги «сиёсий содиқлигини» намойиш этади. У дори ва импорт вакциналарни регламентация қилиш салоҳиятининг ривожланиши мамлакатнинг инқирозларга тайёрлигини оширишини ва глобал хавфсизликни мустаҳкамлашини таъкидлади.

Қозоғистонда тартибга солиш функцияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббий ва фармацевтика назорати қўмитаси ҳамда Дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертиза қилиш миллий маркази орқали амалга оширилади. Ушбу тузилмалар рўйхатга олишдан тортиб хавфсизлик мониторингигача бўлган тўлиқ назорат цикли учун жавобгардир.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Қозоғистоннинг бу муваффақиятини «олдинга ташланган катта қадам» деб атади. Унинг айтишича, мамлакатнинг 20 миллион аҳолиси учун бу дори ва вакциналар сифатига бўлган ишончнинг ортишини, минтақа учун эса соғлиқни сақлаш хавфсизлиги умумий тизимининг мустаҳкамланишини англатади.

Янги мақом Қозоғистондаги беморлар учун замонавий препаратлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши, тартибга солиш жараёнларининг шаффофлигини ошириши ва инновациялар учун қулай шароитлар яратиши кутилмоқда. ЖССТ баҳосига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёда тартибга солиш тизимларини ривожлантириш учун муҳим таянч нуқтасига айланмоқда.