Ўзбекистонда онлайн кузатув камералари орқали чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, агентлик ҳузуридаги Кузатув камераларидан фойдаланиш ва назорат қилиш бўлими томонидан республиканинг қатор ҳудудларида онлайн камералар ўрнатилган.
2026 йилнинг дастлабки уч ойида чиқиндилар билан боғлиқ жами 2107 та қоидабузарлик ҳолати аниқланган. Уларнинг 322 таси бўйича маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, жарималар ундирилган. Қолган 1785 та ҳолат бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
Маълумот ўрнида, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (412 минг сўмдан 1,236 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (4,12 млн сўмдан 8,24 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (8,24 млн сўмдан 12,36 млн сўмгача) миқдорда жарима солинади.
Қайд этилишича, ҳозирда республика бўйлаб қарийб 700 та онлайн кузатув камераси ўрнатилган. Улар нафақат чиқиндиларни ноқонуний ташлаш, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлаш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 10 199 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган эди.