• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сўхда туризмни ривожлантириш учун $60 млн жалб қилиш режалаштирилмоқда



Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда авваллари Сўх транспорт-логистика имкониятлари чекланган, иқтисодий алоқалари суст, бориш қийин ҳудудлардан бири ҳисоблангани таъкидланди. Маълумот учун, Сўх Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги эксклави ҳисобланади.

Сўнгги йилларда туманда янги йўллар, боғчалар, мактаблар, тиббиёт муассасалари ва уй-жойлар қурилди, чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилди, тадбиркорлик учун шароитлар яхшиланди.

Тумандаги 25 та маҳаллада бугунги кунда 88,6 минг аҳоли истиқомат қилади, 29 та мактабгача таълим муассасаси, 33 та мактаб, 2 та ўрта махсус таълим муассасаси, 14 та тиббиёт муассасаси ва 2 та маданият объекти фаолият кўрсатмоқда.

Сўхдаги ўзгаришлар шунчаки инфратузилманинг янгиланиши эмас, балки туманнинг иқтисодий фаоллиги ошганининг ифодасидир […] Замонавий Сўх аста-секин минтақавий иқтисодий тизимга қайта интеграция қилинмоқда, дейилади йиғилишда.

Шу билан бирга, туманда камбағаллик даражаси 7,9 фоизни, ишсизлик даражаси эса 5,5 фоизни ташкил этиб, мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан юқори.

Расмийлар жорий йилда 40 миллион доллар инвестиция жалб қилиб, 15 миллион доллар экспорт қилиш режалари ҳақида ахборот берди. Бунинг ҳисобига саноатда 9 фоиз, хизматлар соҳасида 17,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 7,6 фоиз ўсишни таъминлаш режалаштирилган.

Йиғилишда «Сўхнинг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, дарёлари ва салқин иқлими бу соҳани иқтисодиётнинг драйверларидан бирига айлантириш имконини бериши» таъкидланди. Хусусан, Сўх дарёси бўйида, Сариканд, Равон ва Истиқлол маҳаллаларида туризм масканларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Реабилитация, физиотерапия, дори-дармон логистикаси ва тиббий таълимни бирлаштирган тиббий хизматлар кластерини ташкил этиш учун ҳам шароит бор.

Туризм ва хизматлар соҳасига 60 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 2 мингга яқин иш ўрни яратиш, туризм хизматлари ҳажмини 15 миллиард сўмга ошириш ва экспортни 2 миллион долларга кенгайтириш режалари маълум қилинди.

Ҳар бир маҳаллада 10 тадан, жами 300 та микролойиҳани ишга тушириш, 8 минг 600 нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш режалаштирилган. Банклар томонидан ушбу мақсадлар учун 64 млрд сўм, ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантиришга қўшимча 74,5 млрд сўм йўналтирилади.

425 гектар майдонда мевали боғлар, 60 гектар майдонда заъфарон плантациялари, 100 гектар майдонда картошка етиштириш лойиҳалари, шунингдек, балиқчиликни ривожлантириш, 30 та форель етиштириш учун сув ҳавзалари ташкил этиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, Девайрон ва Тўлдашт аҳоли пунктлари ўртасида 8 километрлик суғориш тармоғини қуриш ҳисобига 800 гектар ерни ўзлаштириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари Сўх туманини ривожлантиришдан кўзланган асосий мақсад одамлар ҳаётини сезиларли даражада яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш, иш ўринлари яратиш ва туманнинг транспорт боғлиқлигини янада мустаҳкамлаш эканини таъкидлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *