• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент Бухорода янги маъмурий марказ қурилишини кўздан кечирди


Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига ташрифи давомида Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу мажмуа Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида синовдан ўтган бошқарув органларини интеграциялаш тажрибасининг давоми ҳисобланади. У ерда 38 та давлат идораси бир ҳудудда жамланиб, аҳоли учун қулайлик яратилган. Илгари фуқаролар турли хизматлар учун бошқа туманларга боришга мажбур бўлган бўлса, эндиликда барча хизматларни яқин ҳудудда олиш имконияти яратилган.

Президент ўтган йил Кўкдалага ташрифи чоғида мазкур ёндашув барча ҳудудлар учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Шу асосда бугунги кунда бошқа ҳудудларда ҳам шундай марказлар барпо этилмоқда.

Бухородаги янги маъмурий марказ 14 гектар майдонни эгаллайди. Биринчи босқичда бу ерда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармалари жойлаштирилган. Бу эса давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш ва хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

Мажмуа нафақат маъмурий бинолардан иборат. Ҳудудда аҳоли учун хиёбонлар, фавворалар ва яшил зоналар ҳам барпо этилмоқда.

Ташриф давомида президент вилоят ҳокимлигининг янги биноси билан ҳам танишди ва давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида бундай марказларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, давлат раҳбарига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди. Хусусан, банклар томонидан сунъий интеллект асосида ўтказилган таҳлиллар натижасида Бухоро туманида агробизнес, туризм, саноат ва йўл бўйи хизматлари энг истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.

Режаларга кўра, 15 минг гектар ерни ўзлаштириш, 500 гектар янги узумзорлар ташкил этиш, энотуризмни ривожлантириш, шунингдек, нефть-газ, кимё, қурилиш ва озиқ-овқат соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. 2026−2031 йилларда ушбу йўналишларда 7,4 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 15 мингта янги иш ўрни яратиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, тумандаги 36 та маҳаллани узумчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, боғдорчилик, туризм ва сервис йўналишларига ихтисослаштириш режалаштирилган.

Президент сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали ҳар бир ҳудуд салоҳиятини очиш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *