Uzbekistan Airports компанияси аэропортлар яқинида варрак учириш парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Варраклар баландга кўтарилиши ва самолётларнинг учиш ва қўниш йўлларига тушиб қолиши мумкин. Бу самолёт билан тўқнашиш, техникага шикаст етиши ва фавқулодда ҳолатлар юзага келиши хавфини туғдиради. Бундан ташқари, мустаҳкам ёки кучайтирилган иплар ҳаво кемалари ускуналарига зарар етказиши ёки двигателларга тушиб қолиши мумкин», — дейилади компания хабарида.

Компания шу ўринда қонунчилик нормаларини эслатиб ўтди: «Ўзбекистон Ҳаво кодексининг 17-моддасига мувофиқ, парвозлар хавфсизлигига таҳдид соладиган фаолият турларига аэропорт ва унинг олдидаги ҳудудларда варрак учириш ҳам киради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 116−2-моддасига кўра, ҳаво ҳудудига рухсатсиз фойдаланиш БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга қамоққа олишга сабаб бўлади.

«Авиация ҳодисаси ёки фалокат юз берганда эса оддий шўхлик жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин», — дея таъкидлади Uzbekistan Airports.

Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари чекловларга риоя қилишга ҳамда ҳордиқ чиқариш учун аэропортдан узоқроқ бўлган хавфсиз жойларни танлашга чақирилди.