Россия АҚШнинг Стэнфорд университетини «номақбул» ташкилот деб эълон қилиб, уни мамлакатда фаолияти тақиқланган хорижий тузилмалар рўйхатига қўшди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Стэнфорд университети АҚШда 1891 йилда ташкил этилган. Бу дунёдаги энг нуфузли хусусий университетлардан биридир.
Россиянинг «Интерфакс» нашрига кўра, мамлакат Адлия вазирлиги Калифорниянинг ушбу нуфузли олийгоҳини фаолияти номақбул деб ҳисобланувчи ташкилотлар реестрига киритган. Ушбу қарор Бош прокуратуранинг тегишли хулосасидан сўнг қабул қилинган, бироқ тафсилотлар очиқланмаган.
Россия 2022 йилда Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан бери мамлакат ташқарисидан келаётган таъсир ва ғояларга қарши кураш доирасида 200 дан ортиқ хорижий ташкилотларни, жумладан Йель университети, Amnesty International, Human Rights Watch ва Британия кенгашини (British Council) «номақбул» деб эълон қилган.
Кремль, шунингдек, танқидий фикрларни бостириш учун «хорижий агент» тўғрисидаги қонундан ҳам фойдаланмоқда. Унга кўра, 1000 дан ортиқ ташкилот ва жисмоний шахслар қатъий ҳисобот талабларига риоя қилишлари ва ўз ишларини «хорижий агент» белгиси билан тамғалашлари шарт.
2025 йил июль ойида Йель университети «номақбул» деб топилганди. Ўшанда Бош прокуратура Коннектикутдаги ушбу олийгоҳ фаолияти «Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузишга» қаратилганини билдирган. «ТАСС»га кўра, жорий йил бошида Калифорния университети (Беркли), Тафтс университети ҳамда унинг Флетчер номидаги ҳуқуқ ва дипломатия мактаби ҳам ушбу рўйхатга киритилган.
