Президент Фарғона вилоятининг Сўх туманига олиб борувчи янги трасса қуриш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда 10 апрель куни давлат раҳбари раислигида ўтган йиғилишдан сўнг Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов маълум қилди.
Йўл энг қисқа йўналиш бўйлаб, асосан Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ҳудуди орқали ўтади.
«Лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда жойларга чиқиб, ўрганишлар ўтказамиз ҳамда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшни давлатлар билан музокараларни бошлаймиз. Тез орада аниқ ечимларни ишлаб чиққан ҳолда мана шу лойиҳани бошлаймиз», — деди Жамшид Турсунов.
Унинг сўзларига кўра, Сўх туманида 500 километрга яқин автомобиль йўллари мавжуд. Шундан 100 километри умумфойдаланувдаги йўллар, 400 километрга яқини эса ички йўллардир.
«Бизнинг асосий вазифамиз — бутун йўл тармоғи бўйлаб ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини таъминлаш. Қабул қилинаётган янги қарор доирасида таъмирталаб бўлган барча йўл участкаларини тиклаш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди», — деди Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбари.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудуди ичида тўртта эксклави бор (Сўхдан ташқари — Шоҳимардон, Чўнқара ва Жангайл), шунингдек, ўз ҳудуди ичида битта Тожикистон ва битта Қирғизистон анклави мавжуд. Ўзбекистоннинг Сўх эксклави ҳам ҳудуди, ҳам аҳолиси бўйича дунёдаги энг йириги ҳисобланади.
Бугунги кунда Сўхдаги 25 та маҳаллада 88,6 минг аҳоли яшайди. Ҳудудда 29 та мактабгача таълим ташкилоти, 33 та мактаб, 2 та ўрта махсус таълим муассасаси, 14 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 2 та маданият объекти фаолият кўрсатмоқда.
2021 йилда Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Риштон тумани орқали Сўх эксклавига олиб борувчи йўл очилган. Ушбу йўл бўйлаб пиёдалар ва енгил автомобиллар ҳаракатланишига рухсат берилган.
2022 йилда бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистон Фарғона вилоятининг Сўх тумани аҳолиси учун чегарани кесиб ўтиш тартибини соддалаштиришга келишиб олганини, бироқ эксклавга олиб борувчи алоҳида коридор очиш режалаштирилмаганини маълум қилган эди.
Шу йилнинг март ойида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга Сўхнинг туристик инфратузилмасини янгилаш ҳамда даволаш-соғломлаштириш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича мастер-режа тақдим этилди. Режага кўра, Сўх дарёси бўйида ва унга туташ ҳудудларда туристик объектлар, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ва бошқа иншоотлар қуриш кўзда тутилган.
