• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда автотранспорт эгалари жарималарни амалдаги ҳайдовчига қандай ўтказиши мумкин?


1 апрелдан Ўзбекистонда автомобиль эгаларига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ва йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни бошқа шахсга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ўтказиш имконини берувчи тартиб ишга туширилди.

ЯИДХПдаги хизмат орқали автомобиль ёки мотоцикл эгаси ишончнома, суғурта полиси, ижара шартномаси ёки йўл варақаси асосида транспортни бошқариш ҳуқуқини бошқа шахс — амалдаги ҳайдовчига бериш ҳақида электрон хабарнома расмийлаштириши мумкин.

Бошқариш ҳуқуқини ўтказиш учун автотранспорт эгаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон ариза топшириши керак. Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

  • шахсий маълумотлар;
  • транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар (маркаси, модели, ишлаб чиқарилган йили, давлат рақами, рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси рақами);
  • бошқариш ҳуқуқи берилаётган шахс маълумотлари, жумладан ҳайдовчилик гувоҳномаси тўғрисидаги ахборот;
  • ҳуқуқ қайси ҳужжат асосида берилаётгани (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси, ижара ёки каршеринг шартномаси) ва унинг нусхаси;
  • хабарнома амал қилиш муддати.

Агар бошқариш ҳуқуқи берилган шахс чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, унинг рўйхатдан ўтган манзили ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилади.

Бошқариш ҳуқуқи ўтказилиши билан бирга, хабарнома амал қилган даврда транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жавобгарлик ҳам ҳайдовчига юкланади.

Агар ишончнома бир неча шахсга берилган бўлса, тизимда доимий равишда автомобилни бошқарадиган битта ҳайдовчи кўрсатилади.

Бошқариш ҳуқуқини олган шахс ЯИДХПдаги шахсий кабинети орқали сўровни тасдиқлаши керак. Шу орқали у камералар томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга розилик беради. Шахсни тасдиқлаш Face ID, Mobile ID ёки электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали амалга оширилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати аризани кўриб чиқиб, 5 иш куни ичида икки томоннинг шахсий кабинетига QR кодли электрон хабарнома юборилади.

Шундан сўнг амалдаги ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлади ва содир этилган қоидабузарликлар учун жавоб беради.

Хизмат пулли: давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилинганда тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизини (41 200 сўм) ташкил этади. ЯИДХП орқали ариза берилганда эса 9 фоиз (37 080 сўм), фуқароларнинг айрим тоифалари, жумладан I ва II гуруҳ ногиронлари учун 50 фоиз чегирма қўлланади.

Хабарнома томонларнинг аризасига кўра ёки автоматик равишда — масалан, ишончнома муддати тугаганда ёки автомобиль эгаси ўзгарганда бекор қилиниши мумкин.

Автотранспортни бошқариш ҳуқуқини ўтказиш тартиби 30 март куни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган. Хабарнома расмийлаштирилгандан сўнг, бошқариш ҳуқуқи ўтказилгани ҳақидаги маълумотлар «Маъмурий амалиёт» модулида қайд этилади.

Хабарнома амал қилган даврда камералар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарималар амалдаги ҳайдовчи номига расмийлаштирилади.

Чет эл фуқаролари Ўзбекистондан чиқишда йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарималарга текширилади. Агар қоидабузарлик қайд этилган бўлса, жарима тўғрисидаги қарор автоматик расмийлаштирилиб, божхона органларининг ахборот тизимларига юборилади. Чегарадан ўтишда божхона ходимлари тўланмаган жарималар мавжудлигини текширади.

Чет эл фуқароларига жаримани тўлаш зарурлиги ҳақида хабар берилади ва чиқишга фақат тўлов амалга оширилгандан кейингина рухсат этилади. Жаримани жойида — божхона постларидаги банк кассалари, электрон тўлов тизимлари ёки ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўлаш мумкин.

Тўлов ҳақидаги маълумотлар тизимда қайд этилгандан сўнг, чет эл фуқаросига мамлакатни тарк этишга рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан Ўзбекистонда камералар томонидан қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисоблана бошлади. Илгари улар фақат ЙҲХХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган ҳолатларга қўлланилар эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *