• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда жинсий эркинликка қарши жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратурага ўтказиш режалаштирилмоқда


Ўзбекистонда жинсий эркинликка қарши жиноятлар ва одам ўлимига сабаб бўладиган айрим ишларни тергов қилиш ваколати прокуратура органларига ўтказиш режалаштирилмоқда. Қонунчилик палатаси депутатлари 7 апрелдаги йиғилишида тегишли қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди.

Мажлисда сўзга чиққан бош прокурор биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик, айниқса жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сони юқорилигича қолаётганини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, 2025 йилда 221 нафар аёлга зўравонлик, 227 нафар 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан шаҳвоний ҳаракатлар ва жинсий жиноятлар содир этилган.

Валиев хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган жинсий эркинликка ҳамда аҳлоққа қарши жиноятларни тергов қилишда кўплаб муаммолар, камчиликлар, ҳаттоки қонун бузилиш ҳолатлари ҳам кузатилаётганини қайд этди.

«Жиноятни фош этишнинг энг муҳим бўлган босқичи — воқеа жойини кўздан кечириш. Аёлни ёки қизнинг номусига тажовуз қилинганда биринчи бўладиган иш воқеа жойини кўздан кечириш. Мана, ҳуқуқшунослар ўтирибди, менинг гапларимни тезда илғаб оляпти. Мен ўйлайманки, қолганлар ҳам илғади. Мана ҳозир бонг уриб келяпмиз, профилактика инспекторларининг кўплари юридик маълумотга эга эмас [деб], 30 фоизга ҳам етмаяпти-да. Бир йил бўлдики, буни терговчиларга ўтказдик, воқеа жойига чиқиляпти».

«Мен мана шу соҳа бевосита менга юклатилгани учун [айтишим мумкинки], муаммолар жуда кўп. Оқни оқ, қора қорани дейишга ҳеч нарса қила олмай қоляпмиз. Оқни оқ, қорани қора дейиш керак. Бунинг учун нима қилиш керак? Бунинг учун дастлаб воқеа жойини кўздан кечириш — бизларнинг қуролимиз, бизларга эртага катта жавоб беришга, халқнинг олдида, ўша айбланувчи ёки бўлмаса жабрланувчининг олдида юзимизни ёруғ қиладиган ҳаракатни амалга ошириш керак. [Бу жараён эса] юридик маълумотга эга бўлмаган бошқа ходимлар томонидан амалга оширилмоқда», — деди бош прокурор ўринбосари.

«Мана эътибор беринг, 799 та, [қарийб] 800 та ҳолатда профилактика инспекторлари, 1187 та ҳолатда зарур кўникмаларга эга бўлмаган тезкор қидирув ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Айрим ҳолларда ушбу турдаги жиноятлар ҳақидаги ариза ва хабарлар бўйича воқеа жойи кўздан ҳам кечирилмаган. [Воқеа жойини кўздан кечириш] нима беради? Бу — далилларни олиш, уни кейин мустаҳкамлаш ва ҳоказо ва ҳоказо. Тергов ҳаракатлари ўз вақтида ўтказилмагани оқибатида айрим жиноий ишлар бугунги кунга қадар қонуний ечимини топмай келяпти. Тўхтатилади, бекор қилинади, тўхтатилади, бекор қилинади», — деди Валиев.

Унинг таъкидлашича, тергов бошида қонун бузилиши ва нотўғри ишлаш борлиги сабаб кескин, охирги нуқтани қўйиш учун «ҳеч ким жазм қила олмаяпти».

Маърузачининг маълум ыилишича, беш йилда бу турдаги жиноят ишлар ҳақида 8863 та ариза ва хабарлар келиб тушган. Уларнинг 3665 таси бўйича жиноий ишлар қўзғатиш рад этилган. 4787 таси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов натижасига кўра 219 таси тўхтатилган.

Бундан ташқари, Баҳриддин Валиев мансабдор шахсларнинг жиноятлари, шу жумладан, уларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари оқибатида одам ўлими келиб чиқиши билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти прокуратура органларига тааллуқли бўлса-да, Жиноят кодексининг 193, 194, 195 ва 199 ва 257-моддаларида назарда тутилган экология соҳасидаги ҳамда одам ўлимига сабаб бўлган меҳнат муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш жиноятларини тергов қилиш ички ишлар органларида ўтказилаётганини таъкидлади.

«Ички ишлар органларининг терговига кўп сонли жиноят ишлари, яъни „нагрузка“ деймиз, юклама кўпайиб кетди. Шундоқ ҳам айниқса, сизлар биласизларки, йирик жиноятларнинг ҳаммасини, қарийб ҳаммасини ички ишлар вазирлиги терговчилари тергов қиляпти. Айрим жойларда ҳозир [бир терговчига] 40 тадан ҳам ошиб кетди иш юритувида жиноий иш. Биласизлар, муддатлар бор, буни қонуний ҳаракатлари бор, қонуний тўхтамга келиш керак ва ҳоказо ва ҳоказо», — деди Валиев.

Унинг таъкидлашича, прокуратура органларида экология соҳасида назоратни таъминлаш бўйича махсус бўлинмалар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, жиноий оқибатларга олиб келган мансабдорларнинг жиноий фаолиятига яхлит битта орган тизимида асосда чек қўйиш зарурати мавжуд бўлади. «Прокуратурада экология қонунчиликни ижроси назорати бўйича бошқармалар, бўлимлар тузилган ва прокурор катта ёрдамчилари хизмат қиляпти. Улар билан биргаликда мана шу жиноий ишни тергов қилишда тўғри ечимлар қабул қилиш ва муддатларни бузмасдан қонуний қарор қабул қилиш мақсад қилиб олиняпти», — деди у.

Юқоридагидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини олдини олиш чораларини кучайтиришга, шунингдек, баъзи жиноятлар терговининг сифатини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Унда Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш), 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжини зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121-модда (Шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128-модда (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 128 прим модда (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қийматликлар бериш ёки мулкий ёки бошқа тарздаги манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) ва 129-модда (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз, бузуқ ҳаракатлар қилиш) жиноят ишларини ҳамда юқоридаги айтилган, экологияга боғлиқ, яъни экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузиш, атроф табиий муҳитни, табиий муҳитни ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яшириш ёки уни бузиб кўрсатиш, атроф табиий муҳитни ифлосланиш оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик, ўсимлик касалликлари ёки зараркунандалар билан кураш талабларини бузиш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш оқибатида одам ва одамлар ўлимига сабаб бўлиш тўғрисидаги ишларни прокуратура органлари терговига ўтказиш тўғрисида масала кўтарилмоқда.

Шунингдек, Жиноят-ижро кодексида номусга тегиш жиноятлари вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилиб, Жиноят кодексининг 118-моддасининг 3-қисми «а» банди ва 4-қисми ҳамда жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондириш жинояти вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган Жиноят кодексининг 119-моддасининг 3-қисми «а» банди ва 4-қисми жазони ўтаётган маҳкумлар манзил-колонияларга ўтказмасликни белгилаш масаласи кўтарилмоқда.

Шунингдек, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда прокуратура органлари болаларга нисбатан зўравонликни барча шаклларини, шу жумладан, жинсий зўравонлик содир этган шахсларга суд томонидан тайинланган жазонинг ижро этилишидан назоратни амалга ошириш деб белгилаш назарда тутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *