2 апрель куни Ўзбекистон кинотеатрларида «Амир Темур» тарихий фильми — буюк саркарда шахсининг шаклланиши ва унинг ҳокимият сари йўлига бағишланган кинокартина намойиши бошланди. Фильм ижодкорлари, жумладан, америкалик режиссёр Жейкоб Шварц ҳамда Mystery Box, 7SABER ва BWG Production продюсерлик компаниялари кўп миллатли актёрлар таркибини жамлаган: бош ролни ижро этган даниялик актёр Кристиан Мортенсендан тортиб, Сароймулкхоним образини гавдалантирган мўғулистонлик актриса Дулгуун Одхуугача.
Лойиҳанинг асосий афзалликларидан бири сифатида суратга олиш ишлари Ўзбекистоннинг тарихий жойларида олиб борилганини айтиб ўтиш мумкин. Хивадаги Ичан қалъа марказида жойлашган Жума масжидининг таниш устунлари ва Қорақалпоғистондаги Аёз қалъанинг бетакрор манзаралари мамлакатнинг кенг кўламли тарихий ва ҳатто футуристик лойиҳалар учун майдон сифатидаги улкан салоҳиятини намойиш этади.
Фильм тарихий деб эътироф этилганига қарамай, уни ҳужжат сифатида қабул қилиш ва томоша пайти тафсилотлар устида фактчекинг қилиб кўриш керак эмас. Режиссёр Жейкоб Шварц таъкидлаганидек, муаллифлар ўзларига онгли равишда ижодий эркинлик берган. «Амир Темур» картинаси, энг аввало, бадиий талқин, тарихий йилномаларнинг экранлаштирилиши эмас. Жанглар ва душманларнинг мағлубияти, яқинлардан жудо бўлиш ёки бўлажак ҳукмдорнинг оқсоқ бўлиб қолишига олиб келган жароҳат билан боғлиқ сюжет линияларида драматик ғоя ҳақиқатдан устун туради.
Зўравонлик тасвирига ёндашув алоҳида диққатга сазовор: жанг саҳналарининг кўплигига қарамай, картина томошабинни ҳаддан ташқари шафқатсизлик ёки натурализм билан ҳайратга солишга интилмайди. Асосий урғу ҳиссиётлардан воқеликка кўчирилган — ҳодисалар вазмин кўрсатилади, улардаги драматизм визуал эффектлар билан кучайтирилмайди. Бу эса муаллифларнинг ўз олдиларига фарқли бадиий вазифалар қўйганидан далолат беради.

Картина рамзларга бой. Асосий тимсоллардан бири — аланга қуршовидаги қилич. У аввалига Темурнинг отасига тушларида аён бўлиб, унинг келажакдаги ҳукмронлигидан дарак беради, кейинроқ эса тарих учун муҳим саҳналарда бош қаҳрамон образининг бир қисми сифатида қайта намоён бўлади. Фильм ижодкорлари шахматнинг ўрта асрлардаги ўтмишдоши бўлган шатранж ўйинидан Амир Темурни нафақат ҳарбий соҳада, балки сиёсатда ҳам моҳир стратег сифатида кўрсатиш учун фойдаланган.

Бош роль ижрочиси Кристиан Мортенсен фильм премьерасида суратга олиш гуруҳи буюк саркардани инсон сифатида кўрсатиб беришга интилганини таъкидлади. Картинада унинг нисбатан ёшлик чоғларига — ҳарбий ғалабалар ва шахсий фожиаларидан аввалги даврга эътибор қаратилганини шу билан изоҳлаш мумкин. Бошқа томондан, фильм ижодкорлари уни Амир Темур ҳаётининг кейинги босқичлари ҳақидаги сериални ўз ичига олувчи янада йирикроқ лойиҳанинг эҳтимолий дебочаси сифатида кўраётганларини яширмайди.
Амир Темурнинг биринчи рафиқаси Ўлжой образи алоҳида диққатга сазовор. Фильмда унинг образини Юлдуз Ражабова ижро этган. Унинг қаҳрамони романтик образдан кўра, бўлажак ҳукмдорнинг иттифоқчиси ва маънавий йўлбошчиси сифатида гавдаланади. Фильм давомида Ўлжой амалда қаҳрамоннинг «виждони»га айланиб, унга бурчини эслатиб туради ва ўз тақдири сари йўналтиради.

Ҳокимиятнинг табиати ва идеал ҳукмдор сиймоси тўғрисидаги қаҳрамонларнинг мулоҳазалари фильмда марказий ўринни эгаллайди. Муаллифлар Амир Темурни қадимги юнон файласуфи Афлотун ўзининг «Давлат» асарида тасвирлаган парадоксга дуч келган қаҳрамон сифатида тасвирлайди.
Парадокснинг моҳияти шундаки, ҳокимиятга муносиблар ундан воз кечганда, уларнинг ўрнини ёмонроқлари эгаллайди. Фильм ушбу дилемманинг яққол тасвирига айланади. Томошабинлар турли ҳукмдорлар — Туғлуқхон, Илёсхўжа, Амир Ҳусайн, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари оқибатларига гувоҳ бўлади.
Ўз идеалидаги ҳукмдорни излаш жараёнида фильм гўё ўз тезисини илгари суради: «Ҳукмдорни ҳукмдор қиладиган тахт эмас, балки куч, жасорат, қадр-қиммат, адолат ва номусдир».
Афлотун адолатли давлат фақат файласуфлар бошқарган ёки ҳукмдорлар файласуфга айланган жойдагина барпо бўлиши мумкин деб ишонган. Чунки фақат файласуфларгина «ўзгармас моҳиятни англашга қодир». Фильмда Темур ҳам аста-секин шу фикрга келади. Сюжет ривожланган сари у ҳокимиятга ташналарда «на фатҳ этиш учун, на бунёд этиш учун ҳеч вақо йўқлигини» англайди.
Ҳокимиятга интилувчилар эмас, балки унинг юкини кўтаришга қодирлар ҳукмронлик қилиши керак, деган ғоя бош қаҳрамон образида ҳам намоён бўлади. Фильмдаги Амир Темур — ҳокимият ортидан қувмайдиган, бироқ уни қабул қилишга мажбур бўлган сиймо. Бу Афлотуннинг «ҳукмдор ўзи истагани учун эмас, балки шундай қилиши керак бўлгани учун бошқаради» деган фикрига бевосита мос келади.
Темурни кўндиришга уринаркан, иттифоқчиси Кайхусрав шатранждаги пиёданинг маъносини тушунтиради: бутун йўлни босиб ўтгач, у исталган сипоҳга айланиши мумкин, дейди у. Фильм муаллифлари пиёданинг шоҳ бўла олмаслигини атайлаб айтмайди — бунда Амир Темурнинг хон бўлмаса-да, Чингизхон авлодидан бўлган мўғул хонлари ҳузурида «буюк амир» унвони билан амалдаги ҳукмдор бўлиб қолган мавқеига ишора сезилади.

Афлотунга кўра, идеал ҳукмдор бир вақтнинг ўзида ҳам файласуф, ҳам жангчи бўлиши керак: кучли ва қатъиятли, доно, ўз яқинларига нисбатан раҳмдил, душманларига — шафқатсиз. Фильмда Темур образи ҳам айнан шу йўналишда ривожланиб боради.
Фильм сўнгида бош қаҳрамон ўз тақдирининг муқаррарлигини тан олади ва «ҳокимият юки» уни ҳеч қачон истамаган инсоннинг елкасига тушади. Масъулиятни англагач, у ҳаракатга киришишга қарор қилади ва «ҳаётим ўз қўлимда» дея эътироф этади. Шу лаҳзадан бошлаб қаҳрамон оламни яхши томонга ўзгартира олишига ишонч ҳосил қилиб, сиёсий курашга киришади.
«Амир Темур» фильмига чипталарни Afisha.uz сайтидан харид қилиш мумкин.
