• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Навоийда 13,1 млрд сўмлик қазилма бойликларини талон-торож қилган ноқонуний олтин қазувчилар ушланди


Навоий вилоятида ноқонуний равишда олтин қазиб олиш билан шуғулланган икки ҳолат аниқланди. Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.

Маълум қилинишича, Кармана туманида бир гуруҳ шахслар давлат захирасидаги ерларда олтин таркибли рудаларни қазиб олиб, уларни кимёвий қайта ишлаш билан шуғулланган. Ушбу фаолиятга Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс бошчилик қилган. У паррандачиликка ихтисослашган хўжалик биносини ижарага олиб, яширин цех ташкил этган.

Тезкор тадбир давомида 200 килограмм ярим тайёр олтин, 200 қоп олтин таркибли қум ва тошлар, 300 килограмм кимёвий воситалар, махсус лаборатория жиҳози, газ баллонлари ҳамда бошқа ускуналар далилий ашё сифатида олинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатлари ва экологияга етказилган зарар 7 миллиард сўмдан ошган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 196−2-моддаси (Фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Навбаҳор туманида яна бир ҳолат аниқланиб, унда маҳаллий МЧЖ раҳбари сохта рухсатнома асосида «Сармишсой» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида олтин қазиб олгани маълум бўлган. У 8 гектар майдонда 19 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда олтин қазиб олиш билан шуғулланган.

Ушбу ҳолат бўйича 6 килограмм ярим тайёр олтин, 430 тоннадан ортиқ олтин таркибли рудалар, кимёвий воситалар, юк автомобиллари ва махсус техникалар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6,1 миллиард сўмлик қазилма бойликлар талон-торож қилинган.

Ҳолатлар юзасидан лаборатория таҳлиллари тайинланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *