АҚШ Миллий аэронавтика ва коинотни тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) хабарига кўра, «Артемида II» миссиясининг «Орион» космик кемаси Тинч океанига муваффақиятли қўнди.
«NASA астронавтлари Рид Уайзман, Виктор Гловер ва Кристина Кох, шунингдек, Канада коинот агентлиги (CSA) астронавти Жереми Хансен жума куни Тинч океани вақти билан соат 17:07 да Сан Диего (Калифорния) қирғоқлари яқинида сувга қўниб, қарийб 10 кунлик саёҳатни якунлади», — дейилади хабарда.
Сувга қўнишдан сўнг NASA ва АҚШ Қуролли кучларининг қутқарув жамоалари экипажни «Орион»дан чиқариб олди ва вертолётларда USS John P. Murtha десант кемасига етказди. Кема бортида астронавтлар миссия якуни бўйича тиббий кўрикдан ўтди. У ердан эса самолётда Ҳьюстондаги Жонсон номидаги NASA космик марказига олиб борилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида астронавтларни табриклади ва яқин орада улар билан Оқ уйда учрашишини маълум қилди.
««Артемида II»нинг буюк ва жуда иқтидорли жамоасини табриклайман. Бутун саёҳат ҳайратланарли ўтди, қўниш мукаммал бўлди ва Қўшма Штатлар президенти сифатида мен бундан ортиқ фахрлана олмасдим! … Биз буни яна такрорлаймиз, кейинги қадам эса Марс!» — деб ёзди у.
«Орион»ни орбитага олиб чиққан Space Launch System (SLS) ракета-ташувчисининг парвози 2 апрелга ўтар кечаси Флоридада амалга оширилганди. Парвоз доирасида «Орион» Ой атрофида бир марта айланиб чиқди. Бу 1972 йилдаги «Аполлон-17» миссиясидан бери инсонларнинг Ер орбитасини биринчи бор тарк этишидир.
Ой атрофида учиб ўтиш етти соат давом этди. «Орион» Ой юзасидан тахминан 6400 километр баландликда учиб ўтди. Парвоз давомида астронавтлар Ердан максимал даражада 406 771 км узоқликка чиқиб, янги рекорд ўрнатди.
Ойнинг орқа томонидан учиб ўтаётганда экипаж Ой юзасини суратга олди, шунингдек, «Ер ботиши» — «Орион» Ой ортидан учиб ўтаётган маҳалда Ернинг Ой горизонти ортига яшириниш лаҳзасига гувоҳ бўлди. Шунингдек, космик кема Ойнинг қарама-қарши томонидан чиқиб келганда «Ер чиқиши» ҳодисасини кузатди.
Астронавтар, шунингдек, космик аппарат, Ой ва Қуёш бир чизиққа тизилган пайтда қарийб бир соат давом этган қуёш тутилишини ҳам кузатди.
Фото



Астронавтлар Виктор Гловер ва Кристина Кох.
Астронавтлар Рид Уайзман ва Жереми Хансен.
Фото: NASA / Bill Ingalls, Joel Kowsky
