• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудуддаги иссиқхоналар Шерободдаги «Сурхон-Агро» ЭИЗга кўчириладиган бўлди


Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудуддаги иссиқхоналарни Сурхондарё вилоятига кўчирилади. Бу тўғрисида 9 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Gazeta’да ҳужжат нусҳаси мавжуд.

Қарор билан Сурхондарё вилояти Шеробод туманида «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси ва «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси ташкил этилади. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган, атроф-муҳит ва инсонлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган иссиқхона хўжаликлари ушбу зонага кўчирилади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларидаги иссиқхона хўжаликларини ихтиёрий кўчиришни рағбатлантириш ҳамда улардан бўшаган ер майдонларидан келгусида самарали фойдаланишни таъминлашнинг қуйидаги тартиблари жорий этилади:

  • танлов асосидаги аукцион савдоларида иштирок этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхати Қишлоқ хўжалипги вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан тақдим этилади;
  • иссиқхона хўжаликларини кўчиришдан бўшаган ер участкаларида ижарачилар томонидан ҳудуднинг ихтисослигидан келиб чиқиб, интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишларида фаолиятини давом эттириш ёки «яшил боғлар»ни барпо этишга рухсат берилади;
  • давлат мулки бўлган ва тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларидаги иссиқхоналар фаолияти тўхтатилиб, ер участкаларида бино ва иншоотлар қуриш (капитал қурилиш) ишларини амалга ошириш тақиқланади.

Иссиқхона фаолиятини тўхтатиб, «Сурхон-Агро» зонаси ҳудудида фаолиятини давом эттирган тадбиркорлик субъектларига халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда тижорат банкларининг маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжаликлари учун ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатлари 5 йилга, шундан имтиёзли даври 3 йилгача узайтирилади (муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликларини кредит даврига мутаносиб равишда узайтириш).

Бунда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан аввал тақдим қилинган кафиллик ва кредит фоизлари компенсациялари сақлаб қолинади.

2028 йил 1 апрелга қадар «Сурхон-Агро» зонаси ҳудудига кўчадиган иссиқхоналар учун иссиқхона конструкция ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар 1 сотих ер майдони учун бир марталик, бироқ 500 минг сўмгача миқдорда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш максадида 2026 йил 1 июндан бошлаб кўмир, мазут ва атмосферага зарарли ёқилғиларидан фойдаланишни назарда тутувчи янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказишга рухсат берилмайди.

2026 йил 1 августдан бошлаб мавжуд иссиқхоналар фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини қайта кўриб чиқиш ва уларни шаҳарсозлик ҳамда экологик талабларга мослаштириш мақсадида қуйидаги чеклов ва оширилган тарифлар жорий этилади:

  • иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади;
  • иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар (солиқ ставкаси) саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади.

2026 йил 1 августдан бошлаб иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир, шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ҳамда шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган материалларни ёқиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантиргани ва чиқиндилар жойлаштиргани учун компенсация тўловлари йигирма бараварга оширилган ҳолда қўлланади ва мазкур тадбиркорлик субъектига берилган экологик экспертиза хулосаси қайта кўриб чиқилади.

Қуйидаги йўналишларда давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёз, хизмат ва молиявий қўллаб-қувватлаш чораларидан иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун фойдаланишга чекловлар ўрнатилади:

  • «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарорлари асосида бериладиган барча турдаги ижтимоий ва моддий ёрдам ҳамда фаолият турини йўлга қўйиш мақсадида давлат томонидан бериладиган барча субсидия ва преференциялар;
  • жисмоний ва юридик шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кредит линиялари ажратиш, кредит лимитларини белгилаш ва мавжуд кредитлар бўйича лимитларни қайта кўриб чиқиш;
  • экологик талабларга риоя этилмаган ҳолларда давлат экологик экспертизаси бўйича ижобий хулоса берилмайди, шунингдек, илгари берилган хулосанинг амал қилиши белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилади;

Таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига илмий мақсадлар учун (селекция навлари синови, уруғ ва кўчатларни кўпайтириш, хорижий нав ва дурагайларни маҳаллий иқлимга мослаштириш), истисно тариқасида, экологик талабларга риоя этган ҳолда мавжуд иссиқхоналардан фойдаланишга рухсат этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар Солиқ кодексига Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналар эгаллаб турган ер майдонлари учун ер солиғи ва кўчмас мулк учун мол-мулк солиғи ставкаларини амалдаги базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар (ёкояўқюқори оширилган козффициентларда) миқдорида қўллашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиши керак.

Ноябрь ойида Миллий экология қўмитаси пойтахт ва унинг атрофида жойлашган иссиқхоналар харитасини (юқорида) эълон қилди.

2024 йилда собиқ Экология вазирлиги Тошкент атрофида «яшил» ҳалқа ўрнига амалда кўмирда ишлайдиган ва ҳавони ифлослантирадиган иссиқхоналардан иборат «кулранг» ҳалқа шакллангани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда иссиқхоналарнинг 60 фоизи иситишнинг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланиши маълум қилинганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *