Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 11 апрель куни Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирининг 11-турида қора доналарда ҳаракат қилиб, америкалик Фабиано Каруана билан дуранг ўйнади.
Бу 11-турнинг марказий партияси бўлиб, беш соатдан ортиқ давом этди ва 20 ёшли ўзбекистонлик учун ҳақиқий ирода синовига айланди.
Синдаров учрашувни ишонч билан бошлади, у рақибидан каталонча бошланғични кутган эди, бироқ вазият ундай бўлмади.
«Бугун мен учун ҳақиқатан ҳам оғир партия бўлди. a6 юришидан кейин тайёргарлигим етмай қолди… Компьютер тенгликни кўрсатаётган эди, лекин ростини айтсам, бу ерда оқлар (рақиб — таҳр.) доимо икки натижадан бири (ғалаба ёки дуранг) учун ўйнашган», — деди у учрашувдан сўнг.
Гроссмейстер Rc8 юришидан кўра аниқроқ бўлган e5 давомини танлаб, хатога йўл қўйганини ва рақибининг Rc5-Rc6 манёврини бутунлай назардан четда қолдирганини тан олди.
«Мен бу вариантни бутунлай кўрмай қолдим. Компьютер балки тенгликни кўрсатар, лекин инсон учун бу позиция ўта ёқимсиз. Бундай вазиятда компьютердек ҳимояланиш керак, акс ҳолда [мағлубиятдан] қутулиб бўлмайди», — деб таъкидлади шахматчи.
Жавоҳирнинг фикрича, Каруананинг g4 юриши ўйинда бурилиш пайти бўлди, чунки бу қораларга шоҳ қанотида фаоллашиш имконини берди. Турнир пешқадами бу имкониятдан маҳорат билан фойдаланиб, шоҳни марказга олиб ўтди ва қарши ўйин ташкил қилди.
Эндшпилда Синдаров жуда чуқур ҳисоб-китобларни амалга оширишига тўғри келди. У ҳатто шарҳловчилар ҳам пайқамаслиги мумкин бўлган яширин хавфни кўрганини тан олди: агар у маълум бир пайтда пиёдани уриб олганида, Каруана шоҳнинг «ақл бовар қилмас» манёври туфайли ғалаба қозониши мумкин эди.
Синдаров ўз ўйини давомида асосий таъқибчиси — Аниш Гирининг партиясини ҳам кузатиб борганини яшириб ўтирмади.
«Вазиятим жуда ёмонлашиб қолган пайтда: „Худойим, Анишда ҳаммаси жуда яхши кетяпти, у ҳатто ғалаба қозониши мумкин“, деб ўйладим. Турнир жадвалидаги ҳолат ҳақида роса кўп бош қотирдим, лекин кейин ўзимга-ўзим: „Тўхта, яхшиси шунчаки шахмат ўйнашда давом этишим ва мураббийим айтганидек, бу позицияни ҳимоя қилишга ҳаракат қилишим керак“, дедим. Ўйлайманки, бу фаолиятимдаги энг яхши ҳимоявий партиялардан бири бўлди», — дея тан олди у.
«У учун муҳим, лекин мен учун эмас»
Фото: Niki Riga / FIDE
ФИДЕга берган интервьюсида Фабиано Каруана партиядан сўнг биринчи ўрин учун курашдан чиққанини тан олди.
«Бу партия у учун муҳим эди, лекин мен учун унчалик муҳим эмас эди. Охирги икки ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрмадим ва шунчаки энг ишончли йўналишни танлашга қарор қилдим. Ҳаммаси тезкор дуранг билан тугайди деб ўйлагандим, лекин маълум бир босим пайдо бўлди. Қайсидир пайтда менда ғалаба учун жиддий имкониятлар туғилгандек туюлди», — деди у.
АҚШ вакили Синдаровнинг Крg5 юришидан сўнг ғалаба келтирувчи давомни қидириш учун қарийб 40 дақиқа вақт сарфлаганини, бироқ якунда вазият дуранг эканлиги ҳақидаги хулосага келганини таъкидлади.
«Мен ўйиндан завқ ола бошладим, чунки у ҳеч қандай хавф туғдирмасди. Ўз натижам учун эмас, балки мусобақа якунини янада ҳаяжонли қилиш учун турнирга қандайдир таъсир ўтказа оламан деб ўйладим. Аммо якунда, фикримча, у [Синдаров] жуда яхши ҳимояланди», — дея қўшимча қилди АҚШлик гроссмейстер.
Журналистнинг ушбу турнир у учун қачон «синиб қолгани» ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Каруана мусобақанинг биринчи ярмида Ўзбекистон вакилидан қабул қилинган мағлубиятни очиқчасига кўрсатиб ўтди. Унинг фикрича, Синдаровнинг ҳозирги формаси уни деярли етиб бўлмас даражага олиб чиққан.
«Жавоҳирга шахсий учрашувда имкониятни бой берганимдан сўнг, турнир аниқ «олдин» ва «кейин»га бўлинди. Унинг нақадар кучли ўйнаётганига қараб, менинг бирор-бир ҳаракатим биринчи ўрин учун курашишга реал имконият беришини ҳис қилмаяпман. «Плюс олти» ёки шунга ўхшаш натижа билан рақобатлаша оламан деб ўйламайман», — дея таъкидлади Каруана.
Аниш Гири ва Андрей Есипенко ўртасидаги партия ҳам дуранг билан якунлангани сабабли Жавоҳир Синдаровнинг турнир жадвалидаги мавқеига путур етмади. Мусобақа тугашига уч тур қолганда у икки очколик фарқ билан пешқадамликни сақлаб қолмоқда.
Якшанба, 12 апрель куни 12-тур бўлиб ўтади. Жавоҳир Синдаров оқ доналарда америкалик Хикару Накамурага қарши ўйнайди. Эслатиб ўтамиз, Синдаров биринчи даврада уни мағлуб этган эди.
2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда бўлиб ўтмоқда ва унда сайёрамизнинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) ўзаро кураш олиб борадилар. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.
Вақт назорати бўйича биринчи 40 та юриш учун икки соат берилади, шундан сўнг ўйин охиригача 30 дақиқа ва биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сониядан вақт қўшиб борилади. 40-юришгача дурангга келишиш тақиқланган. Ғалаба учун 1 очко, дуранг учун 0,5 очко берилади.
