• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда «участкавой»ларга кўчадан дайди одамларни топишни буюрган ИИБ амалдори ишдан олинди


Тошкентда профилактика инспекторларига кўчадан дайди шахсларни топиб, уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш бўйича топшириқ берган Олмазор тумани ИИО Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Аброр Худойбердиев ишдан олинди. Бу ҳақда 11 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Ўзи нима бўлганди?

Kun.uz`нинг ёзишича, таҳририятга Тошкент шаҳри Олмазор тумани ИИБ мансабдори Аброр Худойбердиевнинг топшириғи акс этган аудио ва видеолавҳалар келиб тушган. Унда амалдор профилактика инспекторларига кўчадан дайди одамларни топиб, маъмурий баённома расмийлаштириш бўйича топшириқ берганини эшитиш мумкин.

Хусусан, аудиода Аброр Худойбердиев дайди топмаган ходим қариндоши ёки ўзини дайди сифатида «ёпиши»ни таъкидлаган.

«Э, профилактика инспекторлари, мен сизларга яна қайта айтяпман, дайди нол бўлиб турибди. Виждонсиз, дайди йўқми Олмазор туманида? Дайди қил ҳозир. Ҳамма нарсада нол бўлиб ётибди протоколлар: мажбурий даволашга жойлаштиришинг нол, дайди нол, маъмурий баённоманг нол, маъмурий назорат нол. Нима, ўзларингдан кетиб қолганмисанлар, виждонсиз. Қани биттанг дайди қилма-чи. Ўзингни дайди қилиб олиб бориб ёп, қариндошингни олиб бориб ёп дайди қилиб. Ўзинг дайди бўласан», — деган у.

Шунингдек, амалдор видеолавҳада 300 та баённома қилиш кераклигини айтиб, барча ходимга кўчага чиқиш топшириғини берган.

«1 соат вақтимиз қолди. 22:00 да ҳисоб-китоб бўлади. Мен боришни хоҳламайман. „Давай“, ҳозир „газлаймиз“, 300 тага чиқди, 200 та протоколимиз қолди, чиқ ҳамманг кўчага!», деган Аброр Худойбердиев ўз топшириғида.

«Профилактика инспекторлари, мана ҳозир мен ваъда бердим. Соат 00:00 гача 300 та қилишим керак. Ҳозир оғайни, биттанг агар „парод“ қилсанг хафа бўлма. Ҳамманг — „ноч-поч“, ҳамма чиқсин ҳозир. Мен ўзим ҳам чиқаман, мана», — деган у яна бир видеода.

«Уч ойда 283 нафар дайдига чора кўрилди»

Аброр Худойбердиев билан боғлиқ материаллар тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Кўчада учраётган дайдилик ва тиланчилик ҳолатларининг катта қисми ҳақиқий эҳтиёж эмас, балки атайлаб ташкил этилган фирибгарлик фаолияти экани аён. Айниқса, болалардан фойдаланиш ва сохта ногиронлик орқали фуқароларда раҳм уйғотиш ҳолатлари жамият учун жиддий муаммо», — дейилади ахборотда.

Қайд этилишича, Тошкентда дайдилик ва тиланчилик ҳолатларига қарши тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги уч ой давомида пойтахтда 283 нафар дайди ва 210 нафар тиланчилик билан шуғулланган шахс аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

ИИББ мазкур йўналишда ходимларга бирор режа ёки мажбурий кўрсаткич юклатилмаганини маълум қилди. Уларнинг асосий вазифаси жамоат тартибини бузаётган шахсларни аниқлашдан иборат экани таъкидланди.

«Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Аброр Худойбердиевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қиламиз», — дейилади муносабатда.

Аброр Худойбердиев ишдан олинди

11 апрель куни ИИВ раҳбарияти томонидан вазирлик маданият саройида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар ушбу ҳолат бўйича масъуллардан изоҳ сўради. ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати раҳбари Шароф Ураловнинг айтишича, тиланчилик ва дайди ҳолатларини аниқлаш профилактика инспекторларининг хизмат вазифаси ҳисобланади, аммо уларга аниқ юклама қўйилмайди.

«Бизда „план“ деган нарса қўйилмайди. Аммо бир нарсани эсдан чиқармаслик керакки, жиноятчиликка қарши курашиш профилактика инспекторларининг хизмат вазифаси ҳисобланади. Худди шундай дайди ҳолатларда махсус тадбирлар ва рейдлар ўтказиш ҳамда аниқлаш вазифаси топширилади. Буларнинг асосий сабаби — халқимиз эркин юриши керак. Агар уч-тўрт ой давомида аниқланмаса, вояга етмаганлар ва бошқа фуқаролар жабрланади. Шунинг учун [профилактика инспекторлари] тиланчилик ва дайди ҳолатларини хизмат вазифаси сифатида аниқлайди, лекин уларга аниқ юклама қўйилмайди», — дейди Уралов.

«Тўғри, [Аброр Худойбердиев ўз видео ва аудиоларида] ахлоқ нормаларидан чиққан. „Ўзингни ёки қариндошингни дайди қиламиз“, деган гапи хато ва у бундай қила олмайди. Аниқланган ҳар битта ҳолат судга чиқарилади ва суд қарори билан марказларга топширилади ҳамда уларга штраф қўлланилади. Бу ҳолатда [ИИБ ходимлари] бирор фуқаронинг ўзи ёки қариндошини дайди қилолмайди, бу имконсиз», — дея қўшимча қилди вазирлик расмийси.

Унинг айтишича, Аброр Худойбердиевнинг профилактика инспекторларига қўйган талаби нотўғри бўлиб, у аниқланган ҳолатлар бўйича ўзи юритадиган ҳисоботини ёпиш учун шундай деган бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатларни тўхтатиш ва «участкавой»ларга бундай топшириқлар бермаслик бўйича ҳамма қуйи раҳбарлар билан гаплашилган.

Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текширувига кўра, Аброр Худойбердиев ишдан олинганини маълум қилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *