2026 йилнинг январь-март ойларида Ички ишлар ходимлари томонидан 36 та жиноят содир этилган, хизмат интизомини қўпол равишда бузган 32 нафар ходим эса тизимдан бўшатилган. Бу ҳақда 11 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Вазир ўринбосари ўз нутқида бурчига садоқат билан хизмат қилаётган ходимлар орасида тизимга доғ тушираётганлар ҳам борлигини тан олди.
«Бу борада вазирлик шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан аниқланаётган ҳар бир ҳолат очиқ ва шаффоф ҳолда расмий саҳифаларимиз орқали жамоатчиликка намойиш этиб борилмоқда. 2026 йилнинг уч ойида ходимлар томонидан 36 та жиноятлар содир қилинди. Мазкур жиноятларнинг 75 фоизи ўз ташаббусимиз билан аниқланди ва жиноятга қўл урган ходимлар ички ишлар органларидан бўшатилди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун прокуратура идораларига юборилган», — дейди у.
«Хизмат интизомини қўпол равишда бузган 32 нафар ходим эса салбий сабабларга кўра тизимдан бўшатилди. Коррупцион иллатларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли тушунтириш ишлари натижасида шу йилнинг январь-март ойларида 60 та ҳолатда ходимлар фуқаролар томонидан таклиф этилган порани рад этиб, қонуний чора кўриш учун вазирлик шахсий хавфсизлик хизматига мурожаат қилган. Бундай ходимлари эса рағбатлантириб келинмоқда», — дея қўшимча қилди Рамазон Ашрапов.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида 10 нафар ходим хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган, 39 нафари эса жароҳатланган.
Вазир ўринбосари мисол тариқасида 25 февраль куни хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган Тошкент шаҳар ИИББ йўл-патруль хизмати инспектори, кичик сержант Қосимбек Эшназаров билан боғлиқ ҳолатни қайд этиб ўтди. Ходим «Жасорат» медали билан мукофотлангани ва унинг оиласига Тошкентдан хонадон тақдим этилганитаъкидланди.
«Фуқаролар ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ходимларимизнинг олиб бораётган хизмат фаолияти ва меҳнати муҳтарам президентимиз томонидан доимо юксак эътироф этиб келинмоқда. Шу йилнинг ўзида 11 нафар ички ишлар органлари ходимлари давлат мукофоти билан тақдирланди. Бундан ташқари, идоравий буйруқ билан Ички ишлар вазирлиги томонидан 25 мингдан зиёд ходим рағбатлантирилди», — дейди Ашрапов.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда ички ишлар органлари тизимида фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган 86 нафар раҳбар аниқланиб, уларнинг 57 нафари интизомий жавобгарликка тортилгани, 29 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.