Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирининг 12-турида оқ фигураларда америкалик гроссмейстер Хикару Накамура билан тезкор дуранг қайд этди.

Улар ўртасидаги баҳс номзодлар цикллари тарихидаги энг қисқа партиялардан бирига айланди — рақиблар 35 дақиқадан сўнг дурангга рози бўлишди.

Биринчи даврада ҳамюртимиз Накамурани қора фигураларда мағлуб этган эди.

Ушбу натижадан сўнг 20 ёшли гроссмейстер ҳисобида мусобақа тугашига икки тур қолганда 9 очко мавжуд. Турнирдаги якуний ғалаба учун унга энди яна ярим очко жамғариш кифоя қилади.

Агар унинг энг яқин таъқибчиси Аниш Гири Вэй Ига ютқазганида, Синдаров ушбу турдаёқ биринчи ўринни нақд қилиши мумкин эди. Бироқ уларнинг партияси узоқ давом этган курашдан сўнг дуранг билан якунланди.

жавоҳир синдаров, номзодлар турнири, шахмат, ҳикару накамура

Бунинг натижасида ўзбекистонлик шахматчининг пешқадамлиги икки очко миқдорида сақланиб қолди. Гирида эса ғалаба учун фақат назарий имкониятлар қолмоқда — бунинг учун Синдаров қолган иккала партияда мағлуб бўлиши, Гирининг ўзи эса иккала ўйинда ҳам ғалаба қозониши керак.

Навбатдаги баҳсни Синдаров дам олиш кунидан сўнг, 14 апрель куни Гирига қарши қора фигураларда ўтказади.

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда бўлиб ўтмоқда ва унда сайёранинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) ўзаро кураш олиб боради. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.

Вақт назорати бўйича биринчи 40 та юриш учун икки соат берилади, шундан сўнг ўйин охиригача 30 дақиқа ва биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сониядан вақт қўшиб борилади. 40-юришгача дурангга келишиш тақиқланган. Ғалаба учун 1 очко, дуранг учун 0,5 очко берилади.