• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Орбан мағлубиятини тан олди, мухолифатчи Петер Мадьяр олдинда бормоқда – Gazeta


12 апрель, якшанба кечқурун ҳолатига кўра, овозларнинг 81,49 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, мухолифатчи Петер Мадьярнинг «Тиса» партияси Венгрия парламент сайловларида олдинда бормоқда. Бу Миллий сайлов бюроси (NVI) сайтида эълон қилинган маълумотларда акс этади.

Сайловда жами 5,8 миллиондан ортиқ киши овоз берди. Сайловчиларнинг келиши рекорд даражада — 77,8 фоизни ташкил этди. Венгриянинг янги бош вазири ким бўлиши 30 кун ичида маълум бўлади.

Ушбу маълумотларга кўра, «Тиса» парламентда 199 ўриндан 137 та ўринга, амалдаги бош вазир Виктор Орбаннинг «Фидес» партияси ва у билан иттифоқчи бўлган Христиан-демократик халқ партияси (KDNP) эса 55 та ўринга эга бўлмоқда. Яна еттита ўринга, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўта ўнгчи «Бизнинг ватан» ҳаракати умид қилиши мумкин. Шундай қилиб, «Тиса» айни дамда парламентдаги ўринларнинг учдан икки қисмидан кўпроғини, демакки, конституциявий кўпчиликни қўлга киритмоқда.

Мадьяр: «Орбан мени ғалаба билан табриклади»

Мухолифатдаги «Тиса» етакчиси Мадьярнинг маълум қилишича, Орбан сайловчиларнинг рекорд даражадаги иштироки кузатилган ушбу сайловдаги ғалаба билан уни аллақачон табриклаган.

Петер Мадьяр.Петер Мадьяр.

«Бош вазир Виктор Орбан ҳозиргина қўнғироқ қилиб, бизни ғалабамиз билан табриклади», — деб ёзди сиёсатчи ўзининг X саҳифасида. DW мухбири Ксения Польскаянинг хабар беришича, Будапештда «Тиса» тарафдорлари парламент сайловларидаги ғалабани байрам қилишни бошлаб юборган.

Виктор Орбан. Трансляциядан кадр.Виктор Орбан. Трансляциядан кадр.

Орбан эса Венгрия пойтахтида «Фидес» тарафдорлари олдида нутқ сўзлади. У ўз партияси учун сайловнинг дастлабки натижаларини «аниқ» ва «аламли» деб атади. «Мен ғолиб бўлган партияни табрикладим. Биз мухолифатда бўлсак-да, Венгрия халқига ва ватанимизга хизмат қилаверамиз», — деди амалдаги бош вазир. Бу Орбан учун сўнгги 16 йилликдаги ва илк мағлубиятдир.

Орбан ва Мадьяр қарама-қаршилиги

62 ёшли Орбан 2010 йилдан бери ҳокимият тепасида келаётган эди. Жорий сайловларда илк бор ғалаба қозонишга қодир бўлган мухолифатчи номзод — 45 ёшли Мадьяр пайдо бўлди. У илгари «Фидес» партиясининг ёшлар қаноти аъзоси бўлган, «Тиса» партиясига эса атиги икки йил аввал раҳбарлик қилишни бошлаган эди.

Орбан ҳукуматидан норози фуқаролар таъкидлаётган муаммолар қаторида жамоат инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимининг ёмон аҳволда экани, шунингдек, коррупция қайд этилган. Мадьяр эса, ўз сўзларига кўра, коррупцияга қарши кескин курашиш, «тизимли ўзгаришлар» ўтказиш ва янги конституцияни тақдим этиш ниятида.

Бундан ташқари, у Венгриянинг Россиядан масофа сақлаши ва Европа Иттифоқига аъзо бўлган ушбу мамлакатнинг НАТОнинг ишончли иттифоқчиси сифатидаги мақомини қайтариши тарафдори ҳисобланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *