• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«У ҳозирги ўрнига муносиб». Накамура — Жавоҳир Синдаров ҳақида – Gazeta


Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирининг 12-турида АҚШлик гроссмейстер Ҳикару Накамурага қарши ўйиндаги дуранг ҳақида фикр билдирди.

Улар ўртасидаги партия номзодлар цикли тарихидаги энг қисқа ўйинлардан бири бўлди. Рақиблар каталонча кириш вариантини қўллади ва 35 дақиқадан сўнг дуранг қайд этди.

Синдаров матбуот анжуманида 12-турдаги асосий мақсади кучни тежаш ва таваккалчиликни камайтириш бўлганини яшириб ўтирмади. Гроссмейстернинг сўзларига кўра, кечаги Фабиано Каруана билан бўлган оғир дуранг катта аҳамиятга эга бўлган.

«Кечаги партия жуда муҳим эди. Ўша дурангдан сўнг бугун энг мантиқий йўл тезроқ дуранг қилиш, дам олиш ва яхшилаб тайёргарлик кўриш деб қарор қилдим. Барча хавфли йўналишларни текшириб чиқдим, лекин шундай тўхтамга келдим: агар Ҳикару бирор-бир машҳур вариантни танласа, ҳар қандай ҳолатда ҳам мажбурий дурангга бораман. Бугунги режам айнан шу эди», — дея тушунтирди Синдаров.

Шахматчи Накамура айниқса кучли бўлган сицилианча ҳимоядаги кутилмаган вариантлардан қочиш учун атайлаб e4 ўрнига d4 юришини танлаганини қўшимча қилди.

Турнир якунига келиб стратегияси ўзгаряптими, деган саволга гроссмейстер ижобий жавоб берди:

«Ҳа. Кеча жуда муҳим партия бўлди, ундан кейин роса чарчадим. Охирги тўртта турда жуда эҳтиёткорлик билан ўйнашим керак деб қарор қилдим… Ҳозир қандай бўлмасин ғалаба қозониш учун ўйнашдан маъноси кўрмаяпман. Мен шунчаки ишончли ўйнашни ва ўз имкониятларимни кутишни истайман».

Синдаров ўз ҳолатини Ян Непомняшийнинг 2022 йил Мадридда ўтган Номзодлар турниридаги иштирокига қиёслади — ўшанда россиялик гроссмейстер ҳам ишончли тарзда пешқадамлик қилган ва охирги турларда таваккалчиликни камайтирган эди.

«Эҳтимол, агар сизда ҳаммаси жуда яхши кетаётган бўлса, босимнинг ҳожати йўқ. Шунчаки ўз имкониятларингни кутишинг керак. Мадридда менинг вазиятимга тушган Непомняший ҳам шунга ўхшаш йўл тутган эди», — дея қўшимча қилди ўзбекистонлик шахматчи.

Мусобақа якунига икки тур қолганда Жавоҳир Синдаров ўзининг энг яқин таъқибчиси — нидерландиялик Аниш Гиридан икки очко олдинда бормоқда. Бу шуни англатадики, кейинги турда ўзаро учрашувдаги ҳатто дуранг ҳам ўзбекистонлик шахматчига турнирда муддатидан олдин ғалаба қозонишни кафолатлайди.

Синдаров Гири билан бўладиган партияда воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр эканини таъкидлади:

«Аниш, катта эҳтимол билан, узоқ давом этадиган ўйинни ўтказишга ҳаракат қилади. Мен эса курашга тайёрман… Агар Аниш ютишга ҳаракат қилса, мен ҳам ўйнайман ва ўз имкониятларимни қидираман. Лекин турнир жадвалидаги вазиятга қараб иш тутаман».

Ҳал қилувчи турлар олдидан бўш вақтида Жавоҳир дам олишни, падел-теннис ва компьютер ўйинларини ўйнашни режалаштирмоқда.

«Дам олмоқчиман, видеоўйинлар… Counter-Strike ўйнамоқчиман», — дея режалари билан ўртоқлашди Синдаров.

«У ҳозирги турган ўрнига муносиб»

Жаҳон рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турган Накамура 20 ёшли ҳамкасбининг қарорини қўллаб-қувватлади ва унинг ушбу турнирдаги ўйин даражасини юқори баҳолади. Шахматчининг таъкидлашича, Синдаровнинг ҳозирги устунлиги фонида қора доналарда таваккал қилишдан маъно йўқ эди.

«У — жуда ва жуда кучли ўйинчи. Менимча, бу турнирда у, шубҳасиз, энг яхши натижани кўрсатмоқда. Каттароқ масштабда айтганда, ундан бошқа ҳеч кимнинг турнири ўхшамади. Балки Анишдадир, лекин Анишнинг Жавоҳирга ўша партияни ютқазмагани — шунчаки омад. Агар у мағлуб бўлганида, унинг ҳам турнири анча ёмон бўларди. Биласизми, кимдир шунчаки ажойиб шахмат ўйнаса, тез ва улкан ишонч билан ҳаракат қилса, бунга қарши туриш жуда қийин», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик шахматчининг Андрей Есипенкога қарши дастлабки партияси «жуда қалтис» бўлган, бироқ ўшандан бери «ҳаммаси силлиқ кечмоқда».

«Ва у ҳозирги турган ўрнига муносиб. У бошқа ўйинчиларнинг ҳаммасидан яхшироқ ўйнади. Бошқа ҳеч ким унга яқин ҳам келолмади», — дея таъкидлади Накамура.

жавоҳир синдаров, номзодлар турнири, шахмат, ҳикару накамура

Иштирокчиларни олдинда дам олиш куни кутмоқда. Ҳал қилувчи 13-тур сешанба куни, 14 апрелда бўлиб ўтади. Синдаров қора доналарда Аниш Гирига қарши дона суради.

Муваффақият қозонилган тақдирда, ўзбекистонлик шахматчи шахмат тожи учун расмий даъвогарга айланади ва жаҳон чемпиони унвони учун кечадиган баҳсда Доммаражу Гукеш билан тўқнаш келади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *