• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўқитувчи — келажак меъмори». Тошкентда ўтган педагогика анжуманида нималар муҳокама қилинди?


Ўзбекистон Нодавлат таълим муассасалари уюшмаси 28 март куни Leader School мактабида анъанавий педагогика анжуманини ўтказди. Бу гал тадбир мавзулари «Ўқитувчи — келажак меъмори» умумий шиори остида бирлаштирилди. Анжуман 56 та мактабдан (ҳам давлат мактаблари, ҳам хусусий мактаблар) 500 дан ортиқ педагог ва раҳбарларни, шунингдек, Ўзбекистон ҳамда хориждан 39 нафар спикер ва тренерни бир ерга жамлади.

Уюшма раиси Фируза Вахобова форумни очар экан, буюк Шарқ мутафаккирларининг «Таълим — нафақат билим бериш, балки қалбни тарбиялаш, шахснинг маънавий-ахлоқий асосларини шакллантириш, инсоннинг келажакдаги муваффақияти учун замин яратишдир» деган сўзларини ёдга олди. Бироқ, унинг таъкидлашича, ўз шогирдларини муваффақият сари етаклай олиши учун педагогнинг ўзи ҳам мунтазам ўқиб-ўрганиши ва ривожланиши лозим. У бу каби тадбирлар ўқитувчиларга ўзларига ва фаолиятларига четдан назар ташлаш ҳамда «Биз киммиз ва қайси йўналишда ҳаракатланяпмиз?» деган саволни ўртага ташлашга ёрдам беришига умид билдирди.

нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, ўқитувчилар, фируза вахобова

Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори Нафиса Абдуллаева эса мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотларга, хусусан, мактабгача таълимда қамровни кенгайтириш ва мактабга мажбурий бир йиллик тайёрловни жорий этиш масалаларига тўхталиб ўтди. У, шунингдек, Тошкентда II тоифали Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий марказини очиш бўйича ЮНЕСКО билан келишувга эришилганига эътибор қаратди.

Шундан сўнг хорижий экспертлар сўзга чиқди. Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси таълим бўйича фахрий маслаҳатчиси Чонгрим Хан таълим самарадорлигини ошириш учун педагоглар фаолиятида технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш хусусида сўз юритди. Эрта ёшдан ривожлантириш бўйича мутахассис Шерри Ле Мотте боланинг ўқиши ва ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган омиллар ҳамда ўқитувчиларнинг келажак меъморлари сифатидаги ўрни ҳақида мулоҳаза юритди. Нидерландиялик мутахассис Карина Медведева бошланғич ва ўрта мактаб ўқув дастурларига тадбиркорлик тафаккурини сингдириш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Буюк Британиялик Никола Жейн Купер-Робинс синфдаги лингвистик инклюзия тамойиллари ва мактабларнинг тил сиёсати масалаларига тўхталди.

нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, ўқитувчилар, фируза вахобова

Секция машғулотларида маҳаллий ва халқаро тренерлар ўқувчилар тафаккурини ривожлантириш, машғулотларни backward design модели асосида лойиҳалаш, дарс машғулотларида мультимедиадан фойдаланишда Майер тамойиллари, мактабгача ёшдаги болаларда фонематик эшитиш қобилиятини шакллантириш, стандартлар, кузатув ва қайта алоқа орқали дарс сифатини бошқариш ҳамда мактаб ва мактабгача таълимнинг бошқа кўплаб жиҳатлари бўйича ўз амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Gazeta Шерри Ле Мотте ва Никола Жейн Купер-Робинснинг маърузаларидан асосий тезисларни келтиради.

Шерри Ле Мотте, болаларни эрта ёшдан ривожлантириш бўйича халқаро маслаҳатчи: «Ўқитувчилар — келажак меъморлари»

нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, ўқитувчилар, фируза вахобова

Касбимиз нуқтаи назаридан биз, педагоглар, зиммамизга улкан масъулият оламиз. Келинг, ўқитувчиларни келажак меъморлари сифатида кўриб чиқамиз. Меъмор ким? У нима билан шуғулланади? Меъмор деганда, биз ниманидир энг бошидан лойиҳалаштирадиган инсонни тасаввур қиламиз. У яратаётган нарса ўз вазифасига мос бўлиши шарт. Биз глобал чақириқлар ва экологик муаммоларга дуч келаётган ўзгарувчан дунёда бу лойиҳа мослашувчан ва биз яшаётган муҳитга мувофиқ бўлиши керак. Шунингдек, у инновацион ва инсонпарвар бўлиши лозим.

Агар бунга болаларнинг ўқиб-ўрганишини таъминлайдиган ўқитувчилар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, меъмор иши билан педагог меҳнати ўртасида жиддий ўхшашликларни топиш мумкин. Меъморлардан фарқли ўлароқ, биз бетон ва металл конструкциялар билан эмас, балки ривожланаётган мия, болаларнинг ўсиб бораётган салоҳияти, уларнинг фикрлаш, мулоқот қилиш ва дунё билан муносабатга киришиш қобилияти билан ишлаймиз. Бу ўрганишнинг аксарият қисми эмпирик йўл билан, яъни ўзаро таъсир ва, энг аввало, муносабатлар орқали шаклланади.

Фарзандингиз нималарни билишини хоҳлайсиз? У келажакда нималарга қодир бўлиши керак? Бу боладан келгусида нима истайсиз? Теран фикрлай олишини хоҳлармидингиз? Муаммоларни ҳал қила олишиними? Ўз-ўзига ишонишиними? Ўзини ва бошқаларни тушунишиними? Ўқиш, ёзиш, математика билан шуғулланишиними? Жамиятга фойда келтиришиними? Эҳтимол, сиз ундан буларнинг бирортасини эмас, балки барчасини, ҳатто бундан ҳам кўпроғини истаётгандирсиз.

Булар кичик мақсадлар эмас. Бу — фарзандларимизнинг келажакдаги ҳаётини белгилаб берадиган қобилиятлардир. Шу боис асосий савол қуйидагича: биз, педагоглар, болаларга ушбу салоҳиятни тўлалигича рўёбга чиқаришга ёрдам бериш учун нима қилишимиз керак? Тадқиқотларга кўра, болаларнинг ўрганиши ва ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фундаментал омиллар мавжуд.

Таълим — онгли ва мақсадли лойиҳалаштириш натижаси. Бу жараёнда мен олтита асосни ажратиб кўрсатаман.

Биринчи асос — мустаҳкам пойдевор. Мустаҳкам пойдеворсиз ҳар қандай бино дарз кетади ва қулайди. Шу сабабли биз, энг аввало, ривожланаётган миянинг архитектураси ҳақида бош қотиришимиз лозим. Фан бизга мия «пастдан юқорига» қурилишини, бошқача айтганда, биз аввал оддий, сўнгра тобора мураккаброқ нарсаларни ўрганишимизни уқтиради. Лекин асос мустаҳкам бўлмаса, унинг устига қурилган ҳар қандай нарса мўрт бўлиб қолади.

Болаликнинг илк йилларида педагогнинг вазифаси пойдевор қўйишдан иборат. Биз болалар учун яратадиган энг биринчи ўқув тажрибалари уларнинг ривожланишига таъсир қилибгина қолмай, мия архитектурасининг амалда барпо этилишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Биз қўйган мустаҳкам пойдевор бир умр таълим олиш учун замин яратади.

Иккинчи асос — хавфсизлик ва дахлдорлик ҳисси. Тегишли шароит бўлмаса, пойдевор қўйиб бўлмайди. Болалар ўзларини ҳурмат қилишларини ҳис этадиган, ўзларини хавфсиз сезадиган ва ҳиссий қўллаб-қувватланадиган муҳитда яхшироқ ўрганади.

Тадқиқотлар доим шуни кўрсатади: ўқитувчи ва бола ўртасидаги илиқ, самимий муносабат таълим жараёнини бошлашда асос вазифасини ўтайди. Болалар ўзларини хавфсиз ҳис қилганда, тадқиқ қилишни бошлайди. Тадқиқ қилиш жараёнида эса улар қизиқади, жалб этилади. Айнан шу қизиқиш орқали билиш жараёни юзага чиқа бошлайди.

Қизим мисолидаги бир воқеа ёдимда сақланиб қолган. У эндигина эмаклашни бошлаган пайтлар эди. Ҳар қандай гўдак каби бармоғини розеткага тиқишга уринди. Ўшанда беихтиёр «Тегинма!» деб бақириб юбордим. Ва шу лаҳзада унинг юзидаги ифодани кўрдим. Бу ҳолат мени тўхтаб, ўйланиб қолишга мажбур қилди: биз шундай муносабат билдирсак, болаларни чўчишга ва ўрганишдан тўхтаб қолишга ундаймиз. Албатта, розеткаларни махсус тўсиқлар билан ёпиб қўйиш ва болалар оламни хавфсиз ўрганиши мумкин бўлган муҳит яратиш керак.

Кейинги асос — аниқ мақсадга йўналтирилганлик. Мен дунё бўйлаб кўплаб болалар боғчаларига ташриф буюраман. Баъзилари ажойиб ресурсларга эга, бошқаларида эса деярли ҳеч нарса йўқ. Лекин ҳамма жойда бир нарсага гувоҳ бўламан: тарбиячилар ресурслар бор-йўқлигидан қатъи назар, болаларни бирор нима билан «машғул» қилишни яхши билади. Агар стол устида кубиклар бўлса, болалар ундан нимадир қуради. Бошқа тарафда кимдир «чой қайнатади», кимдир ўйинчоқ сабзавотларни кесади. Бу жуда муҳим, чунки болаларга эркин ўйин учун вақт керак.

Бироқ мен буни таълим олишнинг ягона имконияти деб билиб, унда аниқ таълимий мақсадни ёки ўқув дастури билан боғлиқликни кўрмасам, хавотирга туша бошлайман. Чунки бундай ҳолда болаларнинг таълим олиши аниқ бир мақсадга йўналтирилмаган. Бизнинг асосий вазифамиз эса болаларнинг кўникма ва қобилиятлари босқичма-босқич ривожланишини таъминлашдир. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ўқув дастурлари аниқ ривожланиш мақсадларига асосланганда энг самарали бўлади. Бунда шунчаки оддий мақсадлар эмас, балки билим, тил, идрок, ижтимоий-ҳиссий ривожланишни қамраб олган яхлит ёндашув назарда тутилади.

Масалан, мен Ўзбекистонда болаларга шеър айттиришни яхши кўришларини пайқадим. Тўғри, бу ажойиб. Лекин уларнинг қобилиятини намойиш этиш учун матнларни ёдлатиш билангина кифояланиб қолмаслигимиз керак. Биз фарзандларимизнинг тез ўзгарувчан дунё ҳаётида онгли равишда иштирок этишларини истаймиз.

Тўртинчи асос — муносабатлар ва алоқалар. Катталар ва болалар ўртасидаги ўзаро таъсир — таълимнинг энг кучли ҳаракатлантирувчи кучларидан биридир. Ўқитувчи сифатида ўзингизга савол беринг: шунчаки сукут сақлаш учун тез-тез пауза қилиб турасизми? Болани мулоқотга ундайдиган очиқ саволлар берасизми? Синфда болаларни тинглаш ёки уларнинг бир-бири билан муносабатини кузатиш учун қанча вақт ажратасиз?

Биз саволлар беришимиз керак. Бизга уларнинг нималарни билиши ва нималарга қодирлиги қизиқ эканини кўрсатишимиз лозим. Бу «скаффолдинг» (scaffolding, педагогик кўмак — таҳр.) учун асос бўлади, яъни болага ҳозирча ўзи мустақил бажара олмайдиган вазифаларни бажаришда ёрдам беришдир. Виготский айтганидек, «Бола бугун катталар ёрдамида қилаётган ишини эртага мустақил бажара олади».

Кейинги асос — мазмунли ва узвий таълим. Болалар ўрганаётган нарсалари ўзларига бевосита дахлдор бўлганда энг самарали ўрганади.

Ва, ниҳоят, сўнгги асос — педагоглар доимо билимга интилувчи профессионаллар бўлиши. Сифатли амалиётга фақат доимий ривожланиш орқали эришиш мумкин. Ва, албатта, биз ёлғизликда ишламаётганимизни англаганимизда янада кучлироқ бўламиз. Биз оилалар ва жамоалар билан бирга ишлаймиз. Болаларнинг боғча ёки мактабда нималарни ўрганиши муҳим, бироқ улар уйда ҳам таълим олади. Биз бу экотизимни англашимиз ва унга ота-оналар билан муносабатларимизни ҳам киритишимиз лозим.

Шуни ёдда тутиш керакки, болаларга таълим бериш ўқитувчилар тақдим этадиган ва йўналтириб борадиган кундалик тажриба, шунингдек, улар болалар билан қурадиган муносабатларнинг сифати орқали амалга ошади.

Сиз масъулиятини зиммангизга олаётган бола ҳақида ўйлаб кўринг. У 20 йилдан кейин ким бўлади? Сизнинг синфингиздаги қандай тажриба унинг келажакка йўлини шакллантиради? Балки у ҳар бир машғулотни эслай олмас. Ҳатто сизни ҳам эсламаслиги мумкин. Лекин сиз қўйган пойдевор унинг ўзига ишончи, мустақил фикрлаши, муаммоларни ҳал қила олиши ва эмпатия кўрсатиш қобилиятига асос бўла оладими? У ўзини ва атроф-муҳитни ҳурмат қиладими?

Ёдда тутинг: синфингизда кечаётган воқеалар шу синф деворлари ичида қолиб кетмайди. Бу сиз таълим бераётган болаларнинг бир бўлагига айланади. Улар буни ўзлари билан бирга катта дунёга олиб кетади. Шу маънода, сиз, ўқитувчилар, ҳақиқатан ҳам келажак меъморлари ҳисобланасиз.

Никола Жейн Купер-Робинс, Оксфорднинг таълимда кўп тиллилик масалалари бўйича ҳамжамияти катта маслаҳатчиси: «Лингвистик инклюзив мактабларни барпо этиш»

нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, ўқитувчилар, фируза вахобова

Мен Оксфорднинг таълимда кўп тиллилик масалалари бўйича ҳамжамияти вакилиман. Ташкилотимизнинг асосий мақсади — биз, ўқитувчилар, қандай қилиб лингвистик инклюзив мактабларни ярата оламиз, деган саволга жавоб излашдир. Лекин инклюзия деганда ўзи айнан нимани тушунамиз?

1990-йилларда илк бор дарс бера бошлаганимда, инклюзия фақат ўқишда қийинчиликларга дуч келадиган ўқувчиларни қўллаб-қувватлашни англатарди. Бугунги кунда эса таълим соҳасида «инклюзия» жуда кенг қўлланадиган сўзга айланган. Бироқ бир гуруҳ тадқиқотчилар турли мамлакатларда инклюзиянинг маъносини ўрганиб, унга аниқ таъриф бермагунича бу тушунча узоқ вақт давомида аниқ бир изоҳга эга бўлмади.

Улар инклюзияни «барча болаларнинг турли муассасаларга кириш, атрофдагилар томонидан қабул қилиниш, кенг кўламли тадбирларда иштирок этиш, шунингдек, ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтириш» сифатида таърифлади.

Назаримда, бу таърифнинг энг муҳим жиҳати бор, у барча болаларнинг таълим муҳитидан баҳраманд бўлиш ва бошқалар томонидан қабул қилиниш имкониятини акс эттиради. Агар биз таълимга ахлоқий фаолият сифатида қарасак, мактаблардаги таълим жараёни қандай бўлишини айнан ўқитувчилар белгилашини кўрамиз. Зеро, таълим ҳар доим нима тўғри, нима қимматли ва нимани ўрганишга арзийди, деган қарашлар асосига қурилади. Бу ғояларни синфхонада амалиётга жорий қиладиган шахслар эса айнан ўқитувчилардир.

Ўқитувчиликка маънавий амалиёт сифатида қарайдиган бўлсак, бу шунчаки дарс ўтиш эмас. Бу — ўқувчилар ҳаётига таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилиш демак. Ўқувчилар билан ҳар бир мулоқотимиз, ҳар бир қароримиз ва уларга берадиган ҳар бир кўрсатмамиз уларнинг ўсишига ёки ёрдам беради, ёки тўсқинлик қилади. Биз, ўқитувчилар, нафақат ўқувчиларнинг нималарни ўрганишида, балки уларнинг келажакда ким бўлиб етишишида ҳам улкан роль ўйнаймиз.

Энди, келинг, кўп тиллиликни инклюзия тамойили сифатида кўриб чиқамиз. Ҳаммамиз кўп тилли ва кўп маданиятли муҳитда ишлаймиз. Хўш, тиллар ҳақида гап кетганда, инклюзия аслида нимани англатади?

Билингвизм ёки кўп тиллилик маълум шароитларда ва маълум мақсадларда икки ёки ундан ортиқ тилни тушуниш қобилияти дея таърифланади. Асл моҳият бу ерда парадигмалар алмашинувидадир. Тилни ўзлаштириш бўйича тадқиқотлар тарихига назар ташласак, илгари тиллар миямизда алоҳида-алоҳида сақланади, деб ҳисобланган. Бу эса бизнинг тилларни ўқитиш услубимизга кучли таъсир кўрсатган.

Бироқ замонавий тадқиқотлар тилларимиз ўзаро боғлиқ бўлишини кўрсатмоқда. Сиз янги тилни ўрганаётганингизда, она тилингиз ёки асосий тилингиз бу жараёнда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Агар биз, ўқитувчилар, «меъмор» бўлсак, фойдаланишимиз мумкин бўлган воситалардан бири «таълим учун универсал дизайн» (Universal Design for Learning — UDL) моделидир. Бу моделга кўра, ўқув дастури универсаллик нуқтаи назаридан ҳамма томонидан қўлланиши ва тушунилиши керак. Дизайн жиҳатидан эса дастур мослашувчан ва ўзгарувчан бўлади. Таълимнинг ўзига келсак: ўқувчилар нимани, қандай ва нима учун ўрганаётганини тушунади. UDL модели бутун дунёдаги кўплаб мактабларда жорий этилмоқда, чунки унинг негизида инклюзия ётади.

UDL ва кўптиллиликни ўзаро боғлар эканмиз, ўзгарувчанликни олдиндан кўра олиш мумкинлигини англаймиз. Агар ўзгарувчанликни олдиндан билиш мумкин бўлса, демак, боланинг таълим жараёнидан четда қолишининг олдини олса бўлади. Муаммо ўқувчида эмас, тизимнинг ўзида.

Мавжуд ўқувчиларимиз учун тизимларни қандай лойиҳалаштиришимиз керак? Инклюзия учун асосий тўсиқлар ўқув дастури ўқувчига мослаштирилмаганда юзага келадиган имкониятлар тўсиғи ҳамда ўқувчининг кўникма ва билимлари ресурс сифатида қўлланмаганда юзага келадиган жалб қилинишдаги тўсиқлар ҳисобланади.

«Тилимнинг чегаралари — дунёмнинг чегаралари демак» иқтибоси бор. Шу ҳақда ўқувчиларингиз нуқтаи назаридан ўйлаб кўринг. Масалан, синфга янги ўқувчи келди, у на ўзбекча, на русча ва на инглизча гапиради. Бу ҳолатда унинг тилидаги чекловлар таълим олишидаги чекловларга айланади.

Таълим тилини билиш даражаси ўқувчининг билим олиш имкониятига қай даражада таъсир қилади? Буюк Британиянинг тилни (бу ерда инглиз тилини) ўрганиш жараёнини А («бошланғич») даражадан E («эркин сўзлашувчи») даражагача тавсифлайдиган Bell Foundation тизимига кўра, тилни академик даражада ўрганиш учун олти йилдан етти йилгача вақт керак бўлади. Яъни агар ўқувчи тўрт ёшида мактабга бориб, тўлиқ инглиз ёки рус тилли муҳитга тушиб қолса, у 11 ёшгача ушбу тилда тўлиқ маҳоратга эриша олмайди. Хўш, мактабда тил ўрганиб, мактабдан ташқарида уни эшитмайдиган ўқувчиларимиз учун бу нимани англатади? Икки тилда таълим бериш дастурини олиб бораётган бўлсангиз, бу нимани билдиради?

Таълим олиш имконияти ҳақида гапирганда, биламизки, тилни янги ўрганаётганлар жиддий кўмакка муҳтож бўлади. Бу тилда эндигина гапира бошлаганингизда ҳам қўллаб-қувватлаш зарур. Малакангизни ошираётганингизда ҳам ёрдам керак. Ҳатто тилда эркин сўзлашсангиз ҳам, мураккаброқ академик тушунчаларни ўзлаштириш учун барибир ёрдамга эҳтиёж сезасиз.

Биз «етишмовчилик нуқтаи назаридан фикрлаш»дан «дизайн-тафаккур»га ўтишимиз керак. Шундай таълим муҳитини яратишимиз лозимки, унда тил хилма-хиллиги режалаштиришнинг асосий тамойили бўлсин. Токи тил ва фан мазмуни бир-бири билан рақобатлашмасин. Бола мактабга борганида, у ўз синфи дастурини ўзлаштириш билан бир вақтда тилни ҳам ўрганиши керак бўлади.

Барча ўқувчиларнинг муваффақиятини таъминлайдиган, тилга бой ва кучли ўқув дастурини ишлаб чиқишимиз керак. Бунда кўп босқичли тизимга таяниш мумкин:

  • 1-босқич — барча ўқувчилар учун тил дастури;
  • 2-босқич — ўрта даражадаги ўқувчилар учун мослаштирилган кўмак;
  • 3-босқич — бошланғич даражадагилар учун интенсив кўмак.

«Ҳаммабоплик» тамойилини дастурнинг ўзига сингдиришимиз лозим. Биз визуализация, моделлар ва маълумотларни мультимодал киритиш усулларидан фойдаланишимиз керак. Шунингдек, сўз маъноларини тушунишнинг турли йўлларини ҳам кўрсатишимиз мумкин. Масалан, агар сиз инглиз тилидан дарс берсангиз ва русийзабон синфингизда ўзбек ўқувчи бўлса, унга ҳозирги тугалланган замон (Present Perfect) ёки ўтган замон каби тушунчаларни изоҳлаш учун ўзбек тилига мурожаат қилишингизга тўғри келиши мумкин.

Учинчидан, биз тилни ўқитишда интуитив даражадан фойдаланишимиз керак. Бу ёндашув оддийдан мураккабга ўтиш тамойилига асосланиши лозим. Агар бирор тушунча маъно жиҳатдан мураккаб бўлса, бу унинг лингвистик жиҳатдан ҳам мураккаб бўлиши шарт дегани эмас. Тилни мослаштирган ҳолда мураккаб илмий тушунчаларни ҳам ўргатиш мумкин.

Демак, иштирок — адолат масаласидир. Ўзини дахлдор ҳис қилиш туйғуси ўрганишдан олдин келади. Ўқувчилар ўрганишни бошлашдан аввал ўзларини хавфсиз ва қадрли ҳис этишлари керак. Қамраб олинганлик маданият билан боғлиқ. Ва у маданий нуқтаи назардан қийматлидир.

Дарс бераётганимизда, машғулотларни лойиҳалашда устуворликни танлов, долзарблик ва ўз фикрини билдириш имкониятига қаратиш лозим. Синфдаги болаларнинг маданияти, шахси ва тилларини қадрлаш муҳим. Биз фойдаланадиган материаллар қанчалик инклюзив эканини доим ёдда тутишимиз керак. Ўқув дастуримиз ҳаммабопми? Бу китоблар сизга танишми?

Масалан, ўқишни ўргатишга мўлжалланган Британия китоблар туркуми бор. Ундан бутун дунё мактабларида фойдаланилади. Лекин Сингапурда ўтириб, ҳеч қачон қор кўрмаган бола билан ушбу туркумдаги «Қорбобо» номли китобни ўқисангиз, бу қанчалик инклюзив бўлади? Ёки бошқа бир мисол — Шекспирнинг «Макбет» асари. Шекспир маълум бир маданият билан чамбарчас боғлиқ. Лекин биз ўқувчиларимиздан уни тушунишни кутамиз. Буни мактабимиз ўқувчиларига қандай тушунарли қилиш мумкин?

Бошқа тилни ўрганиш шунчаки айни бир нарсанинг бошқа тилдаги номини ёдлаш эмас, балки нарсалар ҳақида бошқача фикрлаш тарзини ўрганиш демакдир. Шу сабабли кўп тиллилик ва кўп маданиятлиликни ҳисобга олган ҳолда таълимни лойиҳалаш — зарурат. Ўқув дастуримизда ўқувчиларимизнинг ҳақиқий тимсоллари акс эттирилганми? Маданий инклюзивликка ўзига хослик ва ўз сўзига эгалик, долзарблик ва ҳаққонийлик, ҳамжамият ва ҳамкорлик орқали эришилади.

Биз саволни қайта шакллантиришимиз керак. «Таълим тили она тили бўлмаган ўқувчиларни қандай қўллаб-қувватлаймиз?» деб сўраш ўрнига, «мактабларимиз ва синфларимизда аллақачон мавжуд бўлган хилма-хилликни ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини қандай лойиҳалаштирамиз?» деб сўрашимиз лозим. Бунга биз тил сиёсатини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини лойиҳалаш, баҳолаш ва ҳисобот тизимини яратиш, шунингдек, ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини таъминлаш орқали эришишимиз мумкин.

Тил сиёсати динамик ва жонли бўлиши лозим. Биз ўқув дастурини мавжуд ўқувчиларимиз учун тузишимиз керак. Баҳолаш тизимимиз адолатли ва холис бўлиши шарт. Шунингдек, касбий таълим орқали муваффақиятни режалаштиришимиз зарур. Шунчаки «яхши дарс бериш»нинг ўзи етарли эмас.

Инклюзия фақат синф деворлари билан чекланиб қолмайди. У қоидаларимизда, ҳисоботларимизда, муҳитимизда, ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ўзида мужассам бўлиши керак. Хўш, кейинги қадам қандай? Сиз ўқув дастурингиз ва баҳолаш тизимингизни таҳлил қилиб чиқишингиз мумкин. Шунингдек, оддий қўллаб-қувватлашдан онгли лойиҳалаштиришга ўтишингиз мумкин. Ва ниҳоят, инклюзияни бир инфратузилма сифатида барпо этишингиз мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *