АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Покистон пойтахти Исломободда бўлиб ўтган тинчлик музокаралари якунларига кўра, АҚШ ва Эрон келишувга эриша олмаганини маълум қилди.
«Эронликлар билан бир қатор мазмунли мунозаралар ўтказдик ва бу — яхши янгилик. Ёмон янгилик шундаки, биз келишувга эриша олмадик ва, менимча, бу Америка Қўшма Штатларидан кўра кўпроқ Эрон учун ёмон янгиликдир», — деди Вэнс.
«Биз ўз «қизил чизиқларимиз»ни, қайси масалаларда ён беришга тайёрлигимиз-у, қайсиларида йўқлигини жуда аниқ белгилаб олдик. Биз буни иложи борича шаффоф тарзда тушунтирдик. [Эронликлар] шартларимизни қабул қилмасликка қарор қилди», — дея қўшимча қилди АҚШ вице-президенти.
Унинг қайд этишича, музокараларда АҚШ олдида турган асосий вазифа Эрондан ядро қуролини ишлаб чиқмаслик бўйича «қатъий мажбурият» олиш бўлган.
«Оддий савол туғилади: биз эронликларнинг нафақат ҳозир ёки икки йилдан кейин, балки узоқ муддатли истиқболда ҳам ядро қуролини яратмасликка нисбатан туб содиқлигини кўряпмизми? Ҳозирча биз буни кўрмаяпмиз. Кўришга умид қилиб қоламиз», — деди Вэнс.
CNN телеканалининг Оқ уй вакилига таяниб хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон учун муҳокама қилинмайдиган бир нечта шартларни илгари сурган. Улар орасида — уранни бойитишни тўхтатиш ва Ҳурмуз бўғозини ўтиш учун тўловларни бекор қилган ҳолда тўлиқ очиш талаблари бор.
Эрон, ўз навбатида, музокаралар АҚШ томонининг «ҳаддан ташқари юқори» талаблари туфайли боши берк кўчага кириб қолганини маълум қилди. Tasnim агентлиги ва бошқа Эрон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Ҳурмуз бўғозидаги вазият ва Эрон ядро дастури асосий ихтилоф нуқталари бўлиб қолмоқда.
Трампнинг реакцияси
АҚШ президенти Исломободдаги музокаралар якунлари бўйича Truth Social ижтимоий тармоғида муносабат билдирди.
«Учрашув яхши ўтди, аксарият бандлар бўйича келишувга эришилди, аммо ягона ҳақиқатан ҳам муҳим банд — ЯДРО масаласида — келишув бўлмади», — деб ёзди у.
Оқ уй раҳбари АҚШ «Ҳурмуз бўғозига киришга ёки ундан чиқишга уринаётган барча кемаларни истисносиз блоклашни» бошлашини эълон қилди. Трамп, шунингдек, «АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига халқаро сувларда Эронга бож тўлаган ҳар бир кемани аниқлаш ва қўлга олиш ҳақида буйруқ берганини» ва АҚШ флоти «эронликлар томонидан бўғозда ўрнатилган миналарни йўқ қилишни» бошлашини ёзди.
«Бизга ёки тинч кемаларга қарата ўқ узган ҳар қандай эронлик тўғри дўзахга равона бўлади!» — дея қўшимча қилди Трамп.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бунга жавобан ҳарбий кемаларнинг бўғоз орқали ўтишга бўлган уринишлари «қатъий ва кескин равишда тўхтатилиши» ҳақида огоҳлантирди.
«Ҳар қандай ҳарбий кемаларнинг қайсидир баҳона ёки важ билан Ҳурмуз бўғозига яқинлашишга бўлган уринишлари ўт очишни тўхтатиш тартибини бузиш деб қаралади ҳамда қатъий ва кескин равишда тўхтатилади», — дейилади ИИҚК баёнотида.
- АҚШ ва Эрон 8 апрелга ўтар кечаси икки ҳафталик сулҳ тузишга келишиб олганди. Ўт очишни тўхтатишнинг асосий шартларидан бири жаҳон нефтининг 15−20 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг 30 фоиздан ортиғи ўтадиган Ҳурмуз бўғозини очиш бўлди. Эрон келишувнинг биринчи кунида бир нечта кемани ўтказиб юборди, бироқ Исроилнинг Ливанга берган зарбаларидан сўнг бўғозни яна тўсиб қўйди.