Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ҳафта бошларида қўшни Туркманистон ҳудудларидан иссиқ ва қуруқ ҳаво массалари кириб келади. Бу каби иссиқ ҳаво тўлқини республиканинг катта қисмида сешанба куни ҳам сақланади. Сешанба кечга бориб, Каспий денгизи томонлардан нам ҳаво оқимлари минтақага шиддат билан кириб кела бошлайди, шимолда довуллар, кучли ёғингарчиликлар кузатилади. Чоршанбадан эса марказида атмосфера босими 1030 гПа гача кўтарилувчи антициклон жараёни ҳудудларда ҳаво ҳароратини кескин пасайтириб юборади. Ушбу ҳаво оқими 15−17 апрель кунлари минтақа об-ҳавосини белгилайди.
Ҳафта бошларида ҳудудларда қарийб +32 даражали иссиқлик муҳити чоршанбадан +15…+20 даражали салқинлик билан ўрин алмашади. Ҳафта ўрталарида жойларда тунги ва тонгги минимал ҳарорат қийматлари ҳам +5…+8 даражагача, айрим ҳудудларда +3 даражагача пасаяди. Нам ҳаво оқими ортидан кириб келаётган совуқ ҳаво тўлқини ўрин алмашиниш пайтлари, хусусан, 15−16 апрель кунлари жойларда жуда кучли шамоллар эсиши, айрим ҳудудларда чанг бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Қизилқум чўлларида шамол тезлиги кучайганда сониясига 25 метргача етиши мумкин.
Манба: Meteoinfo.ru
Душанба куни ҳудудларда жуда иссиқ ҳарорат кутилса, пайшанба кунига келиб, аксинча, унинг тескариси рўй беради. Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳам 13 ва 16 апрель кунлари учун минтақада суткалик ҳароратнинг кўп йиллик иқлимий меъёрдан четлашиш картаси келтирилган бўлиб, унда ҳафта ўрталарида ҳафта бошига нисбатан кунлик ҳарорат нақ 8−10 даражагача пасайиб кетиши мумкинлигини кўриш мумкин. Айниқса, шимол томонларда қисқа даврда ҳарорат ўзгариш фарқлари жуда катта бўлади.
Манба: Meteoinfo.ru

«Ўзгидромет»нинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, ҳафтанинг душанба, сешанба кунлари республика бўйлаб иссиқ ва қуруқ об-ҳаво ҳукмрон бўлади. Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида кундузги пайтларда +32 даражагача иссиқ кузатилади. Чоршанбадан республиканинг марказий ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, водийликлар бу каби салқинликни пайшанба куни тўлиқ ҳис эта бошлайди. Хусусан, чоршанба ва жума кунлари ҳудудларда максимал ҳарорат нари борса +20 даражагача, айрим ҳудудларда эса +15 даража атрофида бўлади. Минимал ҳарорат қийматлари кундузги ҳарорат каби кескин ўзгаришга эга эмас. Ҳафта бошларида жойларда тунда ҳарорат +10…+15 даража бўлса, ҳафта ўрталарида бу каби қиймат +7…+12 даража атрофида, шимолда +5…+10 даража қийматга яқинлашади.
Қуйидаги харитада ҳафта давомида жойларда кузатилиши мумкин бўлган энг паст ҳарорат прогнози тақдим этилган бўлиб, унда айрим тоғолди ҳудудларда тунда ҳарорат +3 даражагача пасайиб кетиши мумкинлигини кўриш мумкин. Баланд тоғларда эса ҳарорат ноль даражадан пасайиб кетади.
Манба: ECMWF
Синоптиклар 13 апрель куни республикада қуруқ об-ҳаво кутилиши, 14 апрелдан шимол ва тоғларда, 15 апрелдан эса республиканинг водий вилоятларидан ташқари барча ҳудудларида, 16 апрель куни республика бўйлаб ёғингарчилик бўлишини эълон қилган. 17 апрель куни шимол ҳудудлардан ташқари республика бўйлаб ёғингарчилик сақланади. Ёғинлар чақмоқ-момақалдироқ хусусиятли бўлиб, айниқса, 14−15 апрель кунлари шимол томонларда, 15−16 апрель кунлари тоғли ҳудудларда ёғинлар жуда жадал ва кўп миқдорда ёғиш хусусиятига эга. 18 апрель куни тоғ ва Тошкент вилояти ҳудудларида ёғингарчилик эҳтимоли сақланса, 19 апрель куни республика бўйлаб қуруқ об-ҳаво бўлиши ойдинлашган.
15 апрелга ўтар кечаси шимол томонларга совуқ ҳаво оқимларининг шиддат билан кириб келиши сабабли 15−16 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида шамол тезлиги сониясига 25 метргача кучайиши тахмин қилинмоқда. Ушбу кунлари бошқа вилоятларда ҳам шамол тезлиги бошқа кунларга нисбатан сезиларли тез эсиши ва кучайганда сониясига 18 метргача етиши мумкин. Қуйидаги шамол прогноз харитасида 15 апрель куни ҳудудларда шамол тезлиги анча кучли эсиши мумкинлигига гувоҳ бўлиш мумкин бўлади. Айниқса, чўлларда кузатилиши мумкин бўлган шамоллар ўз ортидан чанг бўронларини хавфини орттиради.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, бутун ҳафта салқин бўлиши келтирилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси айрим туманларида жорий ҳафта шу даврга хос ўтмиш ҳафта ҳароратидан 3−6 даража паст салқин бўлиши қўйимча қилинган. Шу билан биргаликда, жорий ҳафта шимол ва Қизилқум чўлларида меъёрдан кўп ёғинлар кузатилиши, Хоразм вилояти ва унга қўшни Қорақалпоғистон Республикаси туманларида ҳам сезиларли намгарчил ҳафта бўлиши ойдинлашган. Бошқа вилоятларда ҳафта давомида меъёрга яқин ёғин тушади.
Манба: ECMWF

Шундай қилиб, жорий ҳафта бошларида жуда иссиқ, ўрталарида сезиларли салқин ҳаво бўлиши, ҳафта ўрталаридаги салқинлик наботот олами учун бироз тиним даври, уларда ўсув бироз кечикишини, чоршанба, пайшанба кунлари ҳудудларда эсиши кутилаётган кучли шамол ва тоғ — тоғ этакларида сел келишлари жойларда турли фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Жорий ҳафта об-ҳавоси жуда ҳам ўзгарувчан ва кескиндир. Шу сабабли об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар бу ҳафта кўпроқ об-ҳаво ўзгаришларидан таъсирланади. Ҳафта бошларидаги икки кунликда ёши катталар кислород етишмовчилиги, ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ вазият билан тўқнашса, чоршанбадан паст босимли циклон жараёнининг минтақага кириб келиши циклоник таъсирга мойил кишилар саломатлигига таъсир кўрсатиши, уларда интакраниал қон босими кўтарилишига олиб келиши мумкин. 15 апрель куни эса жойларда ҳаво босимининг тез ва кескин ўзгаришида қисқа вақт ичида атмосфера босимининг кескин кўтарилиши «барик тубсизлик» ҳодисасини келтириб чиқариши мумкин. Бу қон босими касалликлари билан оғриган кишилар саломатлигига таъсир этади. 16−17 апрелда эса минтақа аҳолиси юқори босимли антициклон жараён таъсирига тушади. Бундан пайтда аллергик қўзғалишлар кишиларни қийнаши мумкин.
Биоиқлимий шароитлар. Кишилар ҳафта бошларида кундузги муддатларда иссиқ ва айрим ҳудудларда қулай бўлмаган об-ҳаво муҳитини ҳис этади. Чоршанбадан бошлаб кундузги муддатлардаги ҳароратлар «қулай» об-ҳаво муҳитини қайта тақдим этади. Пайшанба ва жума кечки ва тонгги муддатларда эса кишилар «совуқ» биоиқлимий шароитни ҳис этиб, қалинроқ кийимларга мурожаат этишларига тўғри келади.
Чоршанбадан бошлаб кўплаб ҳудудларда ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Шунинг учун ташқарида ҳаракатланганда соябонлардан фойдаланиш, салқинроқ об-ҳаво муҳити кутилаётгани сабабли қалинроқ кийимларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилади. Ҳа, айтмоқчи, 16 апрель куни баланд тоғларда қор ёғиши мумкин. Ушбу ҳодисадан эстетик завқ олувчилар, эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда баланд тоғларга саёҳатни амалга оширишлари мумкин.
Космик таъсирлар. Ўтган дам олиш кунлари ва душанба тонгида Қуёшда чақнашлар билан боғлиқ анчайин сокин давр кузатилди. Айниқса, якшанба куни тушдан бошлаб душанба тонгигача Қуёшда чақнашлар билан боғлиқ жуда ҳам пассив вазият кузатилмоқда. Шунгами, халқаро астрофизик марказлар ҳафтанинг бошларида сайёрада «яшил» хавф даражасидаги магнит бўронлари бўлиши мумкинлигига ишоралар қилмаган.
Манба: Xras.ru
Аммо Қозоғистондаги Ионосфера институти бу каби кутилмаларни қўллаб-қувватламайди. Олмаотада жойлашган ушбу илм маскани тахминларига кўра, сайёрада ҳафта бошида геомагнит бўронлари қўзғалишлари билан боғлиқ бироз сокин вазият юз берса, чоршанба куни «сариқ», пайшанба, жума кунлари эса «қизил» хавф даражасидаги космик таъсирлар кузатилиши мумкин.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
«Ўзгидромет» синоптиклари 15−16 апрель кунлари республиканинг чўл ҳудудларида навбатдаги ҳаво оқимларининг кириб келиш олди ҳудудларда кучли ва шиддатли шамоллар бўлишига эътибор қаратмоқда. Бундай пайтда айрим ҳудудларда ҳавога чанг кўтарилиши ва ҳавонинг бироз ёмонлашуви кутилади.
Ҳавода ифлосланиш ортса ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 13−19 апрелгача бўлган кунлар оралиғида кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдирувчи иқлимий ва космик муҳит ҳафтанинг дам олиш кунларига тўғри келмоқда.




