Тошкент ҳокимлиги 2025 йилдаги энг ёпиқ идора бўлди. Бу Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Очиқлик индексида акс этади.
Хусусан, 2025 йил якунлари асосида ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди. Баҳолаш жараёни 84та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилди.
Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи «яшил», 22 таси «сариқ» ва 9 таси «қизил» самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.
2025 йилги баҳолашда 2024 йилга нисбатан «яшил» тоифада баҳоланган идоралар сони 34 фоизга кўпайиб, «сариқ» тоифадагилар 36 фоизга ва «қизил» тоифадагилар 31 фоизга камайган.
2022 йилдаги, яъни илк баҳолаш кўрсаткичлари билан билан таққослаганда «яшил» тоифадагилар 3,5 баробарга кўпайган бўлса, «сариқ» тоифадагилар 2 баробар ва «қизил» тоифадагилар 3 баробарга камайган.
Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари Навоий кон-металлургия комбинати, «Ўзбекгидроэнерго» ва «Ўзавтосаноат» АЖлари, Транспорт назорати инспекцияси, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан қайд этилди.
Республика даражасидаги ташкилотлардан — Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, ҳудудий миқёсда эса Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг паст кўрсаткичларни қайд этиб, «қизил» тоифада баҳоланди.
Агентликнинг қайд этишича, «сариқ» тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишга амалий кўмаклашилади.
«Қизил» тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, «қизил» тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик соҳасида йўл қўйган камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича режалаштирган чора-тадбирлари юзасидан ахборотларини Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, агентлик томонидан Очиқлик индекси баҳолаш жараёнларини қуйи тизимларда амалга ошириш йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Жумладан, 2026 йил 2-ярмидан синов тариқасида Навоий вилоятининг туман ва шаҳар ҳокимликлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги даражасини index.anticorruption.uz платформасида баҳолаш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, президентининг ПФ-154-сон фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Очиқлик индекси асосида баҳолаб келинмоқда.
