Жанубий Корея Фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги мобил интернетдан базавий бепул фойдаланиш имконияти жорий этилишини эълон қилди, деб хабар бермоқда Yonhap. Ушбу қарорни мамлакатнинг учта йирик алоқа оператори — SK Telecom, KT ва LG Uplus қўллаб-қувватлади.
Июнь ойидан кучга кирадиган янгиликка кўра, операторлар барча абонентларга ойлик лимит тугаганидан кейин ҳам 400 кбит/с тезликда мобил интернетдан фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Ушбу тезлик хабарлар юбориш ёки хариталардан фойдаланиш учун етарли бўлиши керак.
«Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар даврида мобил алоқа ҳаётий заруратга айланди. Кундалик мулоқот ва маълумотлардан фойдаланишнинг асосий имкониятларини барча учун таъминлаш мақсадида алоқа учун маълумотлар алмашиш ҳуқуқини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга», — дейилади вазирлик баёнотида.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, ушбу чора лимитсиз тариф режасига эга бўлмаган 7 миллиондан ортиқ абонентга фойда келтиради ва уларга йилига 322 миллиард вон (тахминан 218 миллион доллар) миқдоридаги маблағни тежаш имконини беради.
Шунингдек, ҳукумат мобил алоқа операторларидан 65 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролар учун трафик ва қўнғироқлар лимитини оширишни талаб қилиш ниятида.
