• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 2025 йилда уй-жой ижараси 8,3% га ошди, Тошкентда эса ер арзонлади — Марказий банк


Ўзбекистонда 2025 йил якунларига кўра, уй-жой ижара нархларининг ўсиши мўтадил даражада сақланиб қолди, Тошкентдаги ер участкалари сегментида эса пасайиш қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки шарҳида сўз боради.

Регулятор маълумотларига кўра, республика бўйича ижара ставкалари доллар эквивалентида 8,3% га ошган (2024 йилда ўсиш 2,4% ни ташкил этган эди). Шу билан бирга, йил давомида динамика барқарор бўлиб қолди ва йил якунига келиб босқичма-босқич кучайди.

Марказий банк графигига мувофиқ, Тошкентда 2025 йил бошидаги салбий динамикадан сўнг (январда -14% гача), ижара бозори йил ўрталаридан бошлаб ўсишга ўтди ва йилни ижобий кўрсаткич — тахминан 6−7% билан якунлади. Умуман олганда, мамлакат бўйича ўсиш нисбатан бир текис кечди ва декабрь ойига келиб тахминан 8−9% га етди.

«Тошкент шаҳрида ижара нархлари жорий йил III чоракдан буён ижобий ўсиш суръатларида сақланиб қолмоқда. Бунда, сўм қийматида нархлар ўтган йилга нисбатан деярли ўзгаришсиз шаклланиб, ижара бозоридаги таклиф даражаси талабни етарли даражада қоплай олаётганини акс эттирмоқда», — дея қайд этди Марказий банк.

2024 йилда пойтахтда ижара тўловлари 8,2% га пасайган эди.

Тошкентда ер нархи арзонлади

Пойтахтдаги ер участкалари сегментида эса тескари динамика кузатилмоқда. Декабрь ойи якунларига кўра, 1 сотих (100 кв. м) ернинг қиймати 319 млн сўмни ташкил этди — бу ўтган йилги даражадан (352 млн сўм) 9,4% га пастроқдир.

График маълумотларидан келиб чиқилса, Тошкентда ер нархлари 2024 йилнинг биринчи чорагида энг юқори нуқтасига чиққан (бир сотих учун 364 млн сўмгача), шундан сўнг 2025 йилда пасайиш бошланган. Энг паст кўрсаткичлар 290 млн сўмдан пастроққа тушган (август ойида), йил якунига келиб эса нархлар қисман тикланиб, 319 млн сўмгача кўтарилган.

Марказий банк бу пасайишни таклиф таркибининг ўзгариши билан изоҳламоқда: шаҳар чеккаларидаги ер участкалари улуши 22% га ошган бўлса, марказий туманлардаги таклифлар 13% га қисқарган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *