Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қўшимча ваколатлар берилмоқда. Бу президентининг 10 апрелда имзоланган «Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ 58-сон фармонида белгиланган.
Хусусан, вазирликка Таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қуйидаги ваколатлари ўтказилади:
- бакалавриат ва магистратурага қабул натижаларини тасдиқлаш;
- ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун контракт тўловларини амалга ошириш ва уларни талабаликка қабул қилиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришнинг сўнгги муддатини белгилаш;
- бир давлат олийгоҳидан бошқасига талабаларнинг ўқишини кўчириш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва ўқишини кўчириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тавсия бериш;
- имтиёзга эга абитуриентларни талабаликка тавсия қилиш;
- хорижий давлатлар фуқаролари, жумладан, хориждаги ватандошлар учун ажратилган грант ўринларига талабаликка тавсия этиш. Бундан фақат президент ҳужжатлари билан олий таълим ташкилотларига мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилган ҳоллар мустасно.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- давлат олийгоҳларининг ректори (хорижий олийгоҳ филиалининг маҳаллий ректори ёки директори, ижрочи директори)ни бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари тавсиясига кўра Президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
- давлат олийгоҳининг филиали директорини олий таълим ташкилоти ректорининг тавсиясига асосан лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
- давлат олийгоҳлари ректорлари (директорлари)га интизомий чоралар кўриш ҳамда проректорларни (директор ўринбосарларни) лавозимдан озод этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
- хорижий ва нодавлат олийгоҳлар томонидан бериладиган ўз намунасидаги диплом ва унинг иловасида акс эттирилиши шарт бўлган маълумотларнинг минимал талабини белгилаш;
- магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда талаб этиладиган хорижий тил сертификати даражаларини белгилаш ваколати вазирликка ўтказилади.
Бундан ташқари, фармонда давлат олий таълим ташкилотларига қуйидаги қўшимча ваколатларни бериш назарда тутилмоқда:
- давлат олийгоҳи проректорларини (маҳаллий олийгоҳининг филиали директор ўринбосарларини) олий таълим ташкилоти ректори томонидан лавозимга тайинлаш;
- ўз тизимидаги илмий-тадқиқот, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари раҳбарлари, академик лицейлар директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
- кафедралар штат бирликлари ҳамда профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасининг минимал миқдорларини белгилаш;
- 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб магистратура мутахассисликларига талабгорларни қабул қилишда мутахассислик фанларидан имтиҳон шаклини белгилаш;
- ўқиши кўчирилган, қайта тикланган, академик мобилликдан қайтган талабаларнинг ўзлаштирилган кредитларни тан олиш, аниқланган фарқларни топшириш тартибини белгилаш;
- хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш шартлари ва муддатларини белгилаш, уларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант квоталарини ажратиш ва стипендия белгилаш;
- чет эл фуқаролари учун контракт тўловлари бўйича чегирмалар бериш;
- халқаро рейтинг ташкилотлари билан олийгоҳни халқаро рейтингга киритиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузиш.
