2026 йилнинг январь-март ойларида мамлакатда 1102 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди. Унинг 31,4 фоизи инсон ўлими билан якунланган, яъни 346 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов 11 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Вазир ўринбосари ўз нутқида йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни «фаолиятимиздаги оғриқли масалалардан бири», дея тан олди.
Рамазон Ашрапов 1102 та ЙТҲ сабаблари сифатида қуйидаги омилларни санаб ўтди:
-
32,9 фоизи — белгиланган тезликка риоя этмаслик;
-
22,4 фоизи светофор талабларига амал қилмаслик;
-
13,6 фоизи — ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик;
-
4,2 фоизи — ҳайдовчининг ҳаракат вақтида ухлаб қолиши.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йили Ўзбекистонда 9226 та ЙТҲ оқибатида 2188 киши ҳалок бўлган ва 8901 киши жароҳат олган (йил давомидаги камайиш — 1 фоиздан кам). Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХнинг қайд этишича, ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ҳисобланганда, ҳалок бўлганлар сонининг йиллик камайиши сезиларлироқ — 2021 йилдаги 6,9 нафардан 2025 йилда 5,7 нафаргача (-17%) пасайган.
