«Навоийуран» давлат корхонаси 2025 йил учун аудитдан ўтмаган дастлабки молиявий натижаларини эълон қилди. Ҳисоботда тушум ўсгани ва ишлаб чиқариш ҳажми ошгани қайд этилган.
Компания маълумотларига кўра, йил якунларига кўра, тушум 1,112 млрд долларни ташкил этди, бу 2024 йилга (925 млн доллар) нисбатан 20,2 фоизга кўп. Мослаштирилган 624 млн доллар, соф фойда эса 472 млн долларга етган (+12,4%, аввал 420 млн доллар бўлган).
Эркин пул оқими 59,7 фоизга ўсиб, 460 млн долларни ташкил этди (барча харажатлар ва инвестициялардан кейин қолган маблағ). Шу билан бирга, соф қарз 72 млн доллар, соф қарзнинг EBITDA`га нисбати эса 0,12x бўлган.
Операцион кўрсаткичлар ҳам сезиларли ўсишни кўрсатди. Уран ишлаб чиқариш ҳажми 35 фоизга ошиб, 7000 тоннага етди (бир йил олдин 5200 тонна). Уран концентратининг ўртача реализация нархи 1 фунт учун 69,5 доллар бўлган.
JORC стандартлари бўйича уран захиралари 52 фоизга ошиб, 63,4 минг тоннадан 96,6 минг тоннага етди, минерал ресурслар эса 3 фоизга ўсиб, 53,9 минг тоннани ташкил этди.
Компанияда кўрсаткичлар ўсиши қазиб олиш ҳажмининг ортиши ва активларни ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар, жумладан геология-қидирув ишлари ва янги конларни ўзлаштириш билан изоҳланмоқда.
2025 йилда капитал қўйилмалар (CAPEX) 551 млн долларни ташкил этди. Шундан 322 млн доллар конларни ўзлаштиришга, 162 млн доллар асосий воситаларни харид қилишга, 67 млн доллар эса геологик қидирув ва баҳолаш ишларига йўналтирилган.
Компания Қизилқоқ ва Арнасой конларидаги лойиҳаларни давом эттирди, шунингдек, ер ости эритиб олиш (ISR) технологияларини ривожлантирмоқда. Шу билан бирга, операцион самарадорликни ошириш ва сульфат кислотаси нархига боғлиқликни камайтириш мақсадида кислородли ва карбонатли эритиб олиш технологиялари ҳам жорий этилмоқда.
Компания бош директори Жамал Файзуллаев глобал талаб ошиши шароитида корхона ядровий ёқилғи етказиб бериш занжиридаги позициясини мустаҳкамлаётгани ва халқаро ҳамкорликни ривожлантираётганини маълум қилди.
Компания келгусида қазиб олиш ва тушум кўрсаткичлари барқарор сақланишини, ресурс базасини кенгайтириш ва асосий лойиҳаларни амалга ошириш давом этишини кутмоқда.
«Навоийуран» дунёдаги йирик уран ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, қазиб олиш ҳажми бўйича олтинчи ўринни эгаллайди ва 43 та конни бошқаради. Компаниянинг умумий ресурс базаси 151,1 минг тонна уранга баҳоланмоқда.
Компания тўлиқ молиявий ҳисобот ва аудиторлар хулосасини жорий йил май ойида эълон қилишни режалаштирмоқда.