Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўш вилоятининг Алай тумани аҳолиси билан учрашувда қишлоқлар ва овул округларига (айил окмоту) бундан буён шахсларнинг исмларини бериш тўхтатилиши ҳақида қарор қабул қилинганини билдирди. Бу ҳақда 24.kg хабар бермоқда.
Давлат раҳбари бу мавзуга маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг қишлоқлардан бирига Олимбек додхо номини бериш ҳақидаги таклифига жавобан тўхталиб ўтди. Садир Жапаров аҳоли пунктларига одамлар исмини берилмаслигини алоҳида таъкидлади.
«Сизлар гуруҳларга бўлиниб, нега бошқасиники эмас, фақат унинг исми берилди, ахир менинг ҳам аждодларим муносиб эди-ку, деб баҳслашишни бошлайсиз. Биз буни кўп марта кўрганмиз. Шунинг учун хафа бўлманглар, Олимбек додхонинг номи тарихга муҳрланиб бўлган ва у йўқ бўлиб кетмайди. Қишлоққа унинг номи берилгани билан ҳудуд тезроқ ривожланиб қолмайди», — деди президент.
Аҳоли пунктларига антропонимлар бериш амалиёти Қирғизистонда кенг тарқалган бўлиб, чуқур илдизларга эга. Шўролар даврида бу давлат мафкурасининг бир қисми эди, деб таъкидлайди нашр. Мустақилликка эришилгач, тарихий шахсларнинг исмларини қайтариш ва маҳаллий арбоблар хотирасини абадийлаштириш тўлқини бошланган.
