Ўзбекистондаги бир қатор қурилиш компанияларига нисбатан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун молиявий жарималар қўлланди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида қуйидаги компаниялар томонидан қоидабузарликлар аниқланган:

  • Humo Avenue МЧЖ;
  • Story Dom Siyob МЧЖ;
  • Aziya Makon City МЧЖ;
  • Aziza Credo Max МЧЖ;
  • Shoxsaroy Enter Group МЧЖ;
  • Qorasuv Avenue МЧЖ.

Президентнинг 2020 йилдаги қарори (ПҚ-4732-сон) билан тасдиқланган низомга асосан, қурувчилар турар жой мажмуаларини Улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритмасдан туриб реклама қилиши тақиқланади.

Бироқ юқорида номлари келтирилган компаниялар ушбу рўйхатдан ўтмасдан туриб, ижтимоий тармоқларда ўз турар жой мажмуаларининг фаол рекламасини олиб боришган.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида тегишли лицензия ёки рухсатномаси бўлмаган товар ва хизматларни реклама қилиш тақиқланиши белгиланган.

Рақобат қўмитасининг махсус комиссияси ушбу ҳолатларни ўрганиб чиқиб, компанияларни айбдор деб топди. Натижада уларга нисбатан молиявий жарималар қўлланди ва қонунбузарликларни бартараф этиш ҳамда келгусида такрорламаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.