Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган она-болани уриб кетишига бир бахя қолгани акс этган видео тарқалди. Пиёдалар ўтаётган вақтда автомобиллар учун светофорнинг қизил чироғи ёниқ бўлган. Вилоят ЙҲХБ ҳайдовчи жазоланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, видео эълон қилингандан сўнг вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ушбу вазият назоратга олиниб, қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилган. Натижада юқоридаги қоидабузарликни содир этган ҳайдовчи ва автоулов аниқланган.

«Пиёдани кўрмасдан ўтиб кетдим, пиёда ўтаётган жойида. Айбимга иқрорман. Лекин мен бу нарсани билиб қилмагандим. Вазиятим шунақа бўлиб қолди. Узр сўрайман, мингдан-минг узр. Тавба қилдим», — дейди ҳайдовчи.

У фарзанди борлигини айтиб, ўша ҳолатда пиёдалар қандай аҳволга тушган бўлса, ўзи ҳам шундай аҳволга тушган бўлишини таъкидлади.

«Худди уларнинг кўнглидан нима кечаётган бўлса, менинг ҳам кўнглим худди шунақа бўларди. Мен ҳам уларга ўхшаган одамман», — деди айбланувчи.

Ҳайдовчининг ҳаракатлари пиёдалар ҳаётига таҳдид сифатида баҳоланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-прим 10-моддасига (Йўл безорилиги) кўра маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Суд ҳайдовчини айбли деб топиб, унга нисбатан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум этиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 10 300 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.