• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Тартиб бўлиши керак». Олий таълим вазири талабаларнинг кийим-бош масаласи ҳақида


Ўзбекистондаги ҳар бир олий таълим муассасаси талабалар ва ўқитувчилар учун кийим-бошга нисбатан ички тартиб-қоида ишлаб чиққан, бу талаблар эса бажарилиши керак. Бу ҳақда 15 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Ижтимоий тармоқларда кўряпмизки, форма киймаган айрим талабалар дарсга киритилмаяпти ёки кун бўйи улар билан тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Вазирлик томонидан олий таълим муассасаларига бундай топшириқ берилмаган, яъни талаба ўқишга кириши ва дарс машғулотларида иштирок этиши керак. Бу каби масалаларни аста-секин тушунтириш орқали тизимли ҳал қилиш керак ва бу бўйича ректорлар билан ҳам ишлар олиб боряпмиз», — дейди Шарипов.

«Биз халқаро даражага чиқяпмиз, бутун дунё келяпти, шу боис кийиниш масаласида ажралиш бўлмаслиги керак. Бу ерда гап фақат оқ кўйлак, қора галстук ва қора костюм кийиш ҳақида кетмаяпти. Ҳар бир олий ўқув юрти талабаси ўзига хос кийиниши керак, бу муассаса ички тартиб-қоидасида кўрсатилган. Масалан, тиббиёт йўналишида ўқийдиган талабалар оқ ҳалатда юриши лозим. Ҳар бир университет талаб қилишга ҳақли, бу масалада тартиб бўлиши керак. Тизимда тартиб бўлмаса, нима бўлишини ўзларингиз яхши биласизлар», — дея қўшимча қилди у.

Унинг айтишича, вазирлик томонидан барча талабалар учун бир хил кийим-бош жорий этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Аммо ректорлар ҳар бир университет ўз брендини яратиш таклифини билдирган.

«Айрим муассасаларда гувоҳ бўляпмизки, талабалар икки гуруҳга бўлиниб қолган. Бир тарафда бошқа кийимдагилар, иккинчи томонда эса бошқача кийинганлар. Бу эса талабалар ўртасида табақаланишга олиб келяпти. Бунинг олдини олишимиз керак. Чет элдаги баъзи университетлар талабалари чиройли кийиниб юради, бунинг нимаси ёмон, билмайман. Шу боис ҳар бир олий таълим муассасаси кийим-бош масаласида ўз брендини яратиши лозим. Тошкент давлат иқтисодиёт университети, ЎзДЖТУ, Наманган ва Фарғонадаги баъзи муассасаларда бу йўлга қўйилган. Бошқа ректорларга ҳам ўз брендини яратишни тавсия қилганмиз. Талабанинг қайси университетда ўқишини устидаги кийимидан билиб олиш керак», — дейди вазир Конгратбай Шарипов.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўнлаб талабалар формада келмагани, шунингдек, кеч қолгани учун дарсга киритилмаган эди. Талабалардан бирининг билдирган видеоэътирозини декан «ОТМнинг шаънига доғ тушириш» деб баҳолаганди. Вазирлик эса ички қоидалар борлигини эслатиш билан чекланган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *