• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Мақсадимиз — Карпов, Каспаров ва Карлсен даражасига чиқиш». Роман Видоняк — Жавоҳир Синдаровнинг «тўрт қадами» ҳақида


Шахмат бўйича халқаро мураббий Роман Видоняк ўз шогирди Жавоҳир Синдаровнинг Номзодлар турниридаги ғалабасига изоҳ берди ва жамоанинг узоқ муддатли стратегиясини очиқлади.

Роман Видоняк. Фото: ChessBase Deutschland

Унинг сўзларига кўра, жамоада «тўртта қадам»дан иборат аниқ стратегия мавжуд бўлиб, Кипрдаги ғалаба фақат оралиқ босқич ҳисобланади.

«Биринчи қадам — Номзодлар турнирига чиқиш эди. Иккинчиси — уни ютиш, ва биз буни уддаладик. Учинчи қадам — жаҳон чемпиони бўлиш. Аммо тўртинчи, эҳтимол, энг қийини — 2800 рейтинг даражасида мустаҳкам ўрнашиш ва турнирларда Анатолий Карпов, Гарри Каспаров ёки Магнус Карлсен каби устунлик қилиш. Бу эса жуда, жуда катта қадам», — деди мураббий ChessBase Deutschland нашрига берган интервьюсида.

жавоҳир синдаров, номзодлар турнири, роман видоняк, шахмат

Шахматчилар рейтинги уларнинг кучини акс эттирувчи кўрсаткич бўлиб, у ФИДЕ томонидан қўлланиладиган Эло тизими асосида ҳисобланади: кучлироқ рақиблар устидан ғалаба учун кўпроқ очко берилади, кучсиз рақибларга ютқазганда эса кўпроқ очко айрилади. Ушбу турнир натижасига кўра, Синдаров онлайн рейтингда 30,5 пунктга ўсиб, 2775,5 кўрсаткичга етди ва жаҳон рейтингида бешинчи ўринга кўтарилди.

Мураббийнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу мақсадга эришиш учун камида яна икки йил қаттиқ меҳнат талаб этилади. Унинг таъкидлашича, ўтмишдаги буюк чемпионлар Жавоҳирнинг ёшидаёқ тўлиқ устунлик қилишга тайёр бўлган, шу боис жамоа ҳозир айнан шу даражага чиқиш устида ишламоқда.

Видоняк тайёргарлик методикасига ҳам алоҳида тўхталди. Маълум бўлишича, Номзодлар турнирига тайёргарлик доирасида бир йил давомида Мюнхенда ҳар бири икки ҳафтагача давом этган 9 та йиғин ўтказилган.

«Иш асосан тахтада, компьютердан фойдаланмасдан олиб борилади. Албатта, ChessBase’дан ҳам фойдаланамиз, аммо асосий қисми — мен ўзим тузган тахминан 40 мингта масала. Биз муайян тизим асосида турли мавзуларни ишлаб чиқиб, аниқ кўникмаларни ривожлантирамиз», — деди Видоняк.

Мураббий Роман Видоняк ва секундант Муҳиддин Мадаминов. Фото: Amruta Mokal / ChessBase IndiaМураббий Роман Видоняк ва секундант Муҳиддин Мадаминов. Фото: Amruta Mokal / ChessBase India

Ўзбекистонлик шахматчиларнинг ютуқлари ҳақида фикр билдираётиб, Нодирбек Якуббоев билан ҳам шуғулланадиган Роман Видоняк ўйинчиларнинг меҳнаткашлигини таъкидлади.

«Мен Нодирбек Якуббоевни машқ қилдиряпман — у жуда астойдил ва кўп ишлайди. Нодирбек Абдусатторов эса болалигиданоқ муваффақиятга тўлиқ эътибор қаратган ва янада қаттиқ меҳнат қилади. Ўзбекистон терма жамоасида яна бошқа кучли гроссмейстерлар ҳам бор, мен уларни бироз камроқ биламан», — деди у.

Роман Видоняк Жавоҳир Синдаров билан 2025 йил бошида ишлай бошлаган. Шу вақт ичида шахматчи Жаҳон кубогида ғалаба қозонди, Tata Steel Chess супертурнирида иккинчи ўринни эгаллади ва Номзодлар турнирида муддатидан олдин ғолиб бўлиб, турнирнинг замонавий форматида олтита ғалаба билан рекорд ўрнатди.

Унвондан ташқари, Синдаров камида 165 минг евро мукофот пулларини ҳам қўлга киритди (биринчи ўрин учун 70 минг евро ва ҳар ярим очко учун 5000 евродан).

Энди ёш гроссмейстер амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши жаҳон шахмат тожи учун матчда иштирок этади. Матч йил охирида ўтказилиши кутилмоқда, унинг аниқ санаси ва жойи кейинроқ ФИДЕ томонидан эълон қилинади.

Gazeta аввалроқ Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Якуббоев Жаҳон кубогида иштирок этган пайтда Роман Видоняк билан интервью эълон қилган эди. Ўшанда улар Гоада бўлиб ўтган турнирда ярим финалга бир вақтнинг ўзида чиқиб, асосий сенсацияга айланган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *