15 апрель — замонавий дунёнинг энг ёпиқ ва сирли мамлакатларидан бири Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) ёки биз билган Шимолий Кореянинг асосчиси Ким Ир Сен туғилган кун. У 1948−1994 йилларда ушбу мамлакатнинг амалдаги раҳбари бўлган. Вафотидан сўнг Ким Ир Сенга КХДРнинг абадий президенти мақоми берилган.
Доҳийнинг туғилган куни муносабати билан Gazeta Андрей Ланьковнинг «38-параллелдан Шимолга. КХДРда қандай яшашади?» асаридан шимолий кореяликларга болаликдан сингдириладиган Ким сулоласи вакиллари портретларига чуқур ҳурмат ҳақидаги парчанинг таржимасини келтиради. Парча китобнинг 2024 йилги нашридан олинган.
Катта картина
2003 йилнинг августида Жанубий Корея аҳолиси катта тантана билан ноодатий меҳмонларни кутиб олди. Шимол ва Жануб ўртасидаги муносабатларнинг навбатдаги илиқлашуви тўлқинида Тэгу шаҳрида ўтган универсиадага ташриф буюрган шимолий кореялик спортчиларга гўзал мухлисалар жамоаси (американча атама билан айтганда — чирлидерлар) ҳамроҳлик қилди. Қизлар ҳақиқатда бетакрор кўринишга эга бўлиб, сирли ва экзотик жозиба уларнинг жанубий кореялик томошабинлар орасидаги шуҳратини янада оширди.
Данияга қарши волейбол ўйинида шимолий кореялик қизлар ўз мамлакати жамоасини қўллаб-қувватламоқда, 2003 йил. Сурат: Chung Sung-Jun / Getty Images.
28 август куни камончилар ўртасида ўтган баҳсларда қизлар шимолий кореялик спортчиларни қўллаб-қувватлаб, мусобақа якунлангач, автобусда ўз ётоқхоналарига қайтаётган эди. Ташқарида ёмғир. Улар автобус ойнасидан кўчада Саркарда Ким Чен Ирнинг портрети туширилган баннерни кўриб қолди. Баннерда у Жанубий Корея президенти Ким Дэ Чжун билан бирга тасвирланганди. Бу баннер 2000 йилги кореялараро саммит вақтида олинган машҳур фотосуратнинг катталаштирилган нусхаси эди. Баннерни, афтидан, Жанубий Кореянинг Жануб ва Шимолнинг яқинлашуви ғоясига жуда ижобий қарайдиган қайсидир сўлчи-миллатчи гуруҳи фаоллари илиб қўйганди.

Сурат: Getty Images
Бироқ баннернинг кўриниши Пхеньян гўзалларига мутлақо кутилмаган таъсир кўрсатди. Баннерни кўрган заҳоти гўзаллар ғазаб ва даҳшатдан ўзларини тия олмади. Баннер ивиб кетган, айни пайтда ёмғир томчилари тўғридан-тўғри Саркарда тасвирининг устига тушаётган эди. Қизлар ҳайдовчидан автобусни зудлик билан тўхтатишни қатъий талаб қилди ва ўз истакларига эришгач, Ким Чен Ир тасвирини сақлаб қолишга шошилди. Устига-устак, улар бошқа бир муаммони ҳам пайқади: баннер мумкин бўлмаган даражада пастга осиб қўйилганди. Ўша пайтда қизларга ҳамма жойда ҳамроҳлик қилаётган журналистлар кўз ўнгиларида кечаётган бу манзарани суратга олишга ошиқди: ғазаб отига минган гўзаллар қўлларини пахса қилиб, баралла қичқирганча ўз монархлари сиймосини ёмғир томчиларидан асраш учун югуриб борарди.
Жанубликлар орасида бу воқеа бироз ҳайрат уйғотди ва ҳатто Жанубий Корея сўлчи миллатчиларининг Шимол билан «маънавий бирлик» борасидаги иштиёқини қисман сўндирди. Бироқ қизлар шунчаки гўдакликдан ўзлаштирган хулқ-атвор қоидалари талаб этганидек муносабат билдирганди.
Шимолий Корея — Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир портретлари диёри. Доҳийларнинг портретлари ҳар бир турар жойда, ҳар бир идорада, поезд ва метро вагонларида бўлиши шарт (лекин негадир автобус ёки троллейбусларда йўқ). Портретлар барча асосий жамоат бинолари, вокзаллар ва мактабларнинг кираверишини, барча саноат корхоналарининг назорат-ўтказиш пунктларини безаб туради, лекин уларни ишлаб чиқариш биноларига жойлаштириш мумкин эмас. Албатта, очиқ ҳавога осилган Доҳий ва Саркарда портретлари ёмғир ва қордан ишончли ҳимояланган бўлиши лозим.
Мана, ярим асрдирки, шимолий кореяликлар Буюк доҳийнинг ҳушёр нигоҳлари остида яшаб келмоқда. Албатта, унинг илк портретлари анча олдин пайдо бўлган, зотан у 1948 йилданоқ мамлакат раҳбари эди. Ўшанда унинг суратлари бутун Шимолий Кореядаги давлат муассасаларида мавжуд бўлган ва бу одатий жаҳон амалиётидир.
Бироқ 1960-йилларнинг охирида КХДР раҳбарияти портретларни фақат расмий давлат ва партия идораларида осиб қўйиш билан чекланмасдан, уларни бутун мамлакат бўйлаб, эҳтимол, жаҳон тарихида муқобили бўлмаган миқдорда жойлаштиришга қарор қилди. Бу Ким Ир Сен шахсига сиғинишни мисли кўрилмаган даражага олиб чиқиш кампаниясининг бир қисми эди. Бу кампания 1967 йилда қабул қилинган ва «25 май кўрсатмалари» деб ном олган ҳужжатлар билан бошланган (дарвоқе, уларнинг расман тўлиқ матни ҳозиргача махфий ҳисобланади).
1960-йилларнинг охирида шимолий кореяликларга ўз уйларига Ким Ир Сеннинг портретларини осиб қўйиш мажбурияти юкланди. 1970-йилларнинг охиридан бошлаб эса улардан ўша вақтда эндигина ворис этиб тайинланган ва «Суюкли Раҳбар» унвонини олган Ким Чен Ирнинг портретларини ҳам уйларига осиш талаб қилина бошланди.
Шу билан бирга, вориснинг портретларини «норасмий» тарзда жойлаштириш лозим эди. Кейинчалик ташвиқотда кенг омма ўз ҳукмдорининг ўғлига нисбатан ўз-ўзидан пайдо бўлган муҳаббат туфайли уйларини унинг портретлари билан безай бошлагани даъво қилинди.
Дипломатлар «Партия маркази» портретлари илк бор айрим давлат муассасаларида пайдо бўлганини қайд этган бўлса-да, умуман олганда, Ким Чен Ирнинг портретлари жамоат жойларида 1980-йилларнинг охирларига келибгина кўзга ташлана бошлади. 1990-йилларнинг бошидан эса ота ва ўғил портретлари муассасаларга симметрик тарзда, жуфт қилиб осиладиган бўлди.

Сурат: AFP / Scanpix
Бундай мафкуравий муҳим масалада ҳеч қачон ҳеч қандай ўзбошимчаликка йўл қўйилмагани тушунарли: Биринчи оила портретлари стандартлаштирилган ва Мансудэ устахоналарида яратилган. Муассасалар ҳам, оддий фуқаролар ҳам портретларни марказлашган тартибда олади.
Шу билан бирга, Кимлар турли даврларда турлича тасвирланган ва портретлар услубидаги фарқ кўп жиҳатдан мамлакатдаги мафкуравий ва сиёсий ўзгаришларни англатади. Дастлабки даврларда, яъни 1960-йилларнинг охирларида портретлар ҳамма жойда пайдо бўлгунига қадар, Ким Ир Сен маршал формасида тасвирланарди. 1970-йиллар ва 1980-йилларнинг биринчи ярмида эса Доҳий френч услубидаги кийимида тасвирланган бўлиб, бу ўша йилларда асосий фазилатлар саналган қатъият, зоҳидлик ва интизомни ифодалаши керак эди.

Ким Ир Сен дўстона ташриф билан СССРда. Сурат: Сергей Гунеев / Sputnik
1980-йилларнинг ўрталарида бу портретлар ўрнини янгилари эгаллади. Уларда Ким Ир Сен ғарб услубидаги костюм — галстукли пиджакда тасвирланган бўлиб, у бу кийимни тахминан 1984 йилдан бошлаб ҳақиқатда тез-тез киядиган бўлганди. Бу ҳолат КХДРда 1980-йилларнинг ўрталари ва охирларида мамлакатни ташқи дунёга қисман очиш ҳамда қисман мафкуравий эркинлаштириш бўйича олиб борилган, бироқ Совет Иттифоқидаги қайта қуриш туфайли тўхтаб қолган эҳтиёткорона тажрибаларни акс эттирарди.
1994 йилда Ким Ир Сен вафот этгач, унинг яна янги портретлари пайдо бўлди: уларда ҳам доҳий ғарб услубидаги костюмда, юзида кенг табассум акс этганди. Бу асосчи Кимнинг ҳаётлик давридаги унвонларидан бири «Миллат қуёши» бўлгани билан боғлиқ, юқорида тилга олинган «Қуёш тимсоли» эди. 2000-йилларнинг бошларида бир муддат Ким Ир Сеннинг Генералиссимус формасидаги портретлари ҳам пайдо бўлди, лекин охир-оқибат Шимолий Корея айнан «Қуёш тимсоли»га қайтди.

Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирнинг портретлари (чапдан ўнгга), Пхеньян, 2018 йил. Сурат: Carl Court / Getty Images
Ким Чен Ирнинг портрети ҳам шунга ўхшаш ўзгаришларга учради. Дастлабки расмий портретларда у оддий тўқ рангли френчда, кейинроқ эса баъзан парад ҳарбий кийимида тасвирланган. Лекин охир-оқибат, Саркарданинг ҳаётининг сўнгги йилларида тез-тез кийиб юрган кулранг-яшил курткадаги тасвири қонуний кучга кирди.
Тахминан 2004−2005 йилларда хусусий хонадонларда портретлар осиш қоидалари ўзгартирилди. Жамоат жойларида аввалгидек фақат Доҳий Ким Ир Сен ва Саркарда Ким Чен Ирнинг жуфт портретлари сақланиб қолиб, хусусий хонадонлардаги портретлар сони учтага етди.
Шу билан бирга, авваллари кузатилмаган ижтимоий табақалараро камситиш ҳам пайдо бўлди. Мансабдорлар, офицерлар ва бошқа раҳбарларнинг хонадонларида Ким Ир Сен, Ким Чен Ир ҳамда Ким Ир Сеннинг рафиқаси ва Ким Чен Ирнинг онаси бўлган Ким Чен Сук тасвирланган учта портрет осилган. Қандайдир сабабларга кўра оддий халқ вакилларига Ким Чен Сукнинг портретини осиш мумкин эмас. Улар бунинг ўрнига ўз уйларига Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирнинг портретларини, шунингдек, Саркарда ва Доҳийнинг давлат масалаларини муҳокама қилаётган биргаликдаги суратини илиб қўйишлари керак бўлди.
Зодагонлар хонадонларига осилиши лозим бўлган бу уч портрет «Пектусан тоғидаги уч Саркарда портретлари» номи билан машҳур. Қизиғи шундаки, КХДРда бозор иқтисодиёти шиддат билан ривожланган 1960-йилларда ушбу нуфузли портретлар тўплами олибсотарлар қўлига тушиб, сотувга чиққан. «Пектусан тоғидаги уч Саркарда портретлари»ни расман олиш ҳуқуқига эга бўлмаган бадавлат шимолий кореяликлар уларни олибсотарлардан сотиб олиб, уйларига осиб қўйган ва шу орқали меҳмонлари кўз ўнгида ўзларининг юқори мансабда эканига ишора қилган.
Ярим асрдан буён амалда бўлган қоидаларга кўра, портретлар турар жой хонасининг деворларидан бирига, яхши ёритилган жойда, инсон бўйидан бироз баландроққа осилиши лозим. Бунда портретлар осилган деворга бошқа ҳеч қандай тасвир жойлаштириш мумкин эмас. Оила янги уйга кўчиб ўтганида, биринчи навбатда портретларни осиши шарт. «Халқ гуруҳи» — инминбан томонидан портретларга муносиб тарзда муносабатда бўлинаётганига ишонч ҳосил қилиш учун танланма текширувлар ўтказиб турилади.
Ҳар бир портретлар тўплами тасвирларни парваришлаш учун асбоблар сақланадиган махсус қутича билан бирга тақдим этилади. Тўпламдан портретларни артиш учун икки бўлак юмшоқ мато ва чўтка ўрин олган. Портретларни ҳар куни артиб туриш керак — буни ҳам маъмурият, ҳам партия ташкилоти назорат қилади.
Армияда портретлар барча турар жой биноларига осиб қўйилган. Бўлинма ёки ҳарбий қисм дала ўқув машғулотларига жўнаганда, портретларни ўзи билан олиб кетади. Бўлинма чодир қуриши ёки кўпинча ертўла қазиши биланоқ у ерга портретлар жойлаштирилади ва фақат шу маросимдан кейингина вақтинчалик бошпана яшаш учун яроқли деб ҳисобланади.
Портретлар билан боғлиқ кўплаб муҳим ритуаллар мавжуд. Масалан, болалар боғчаларида тарбияланувчилар овқатдан сўнг портретларга таъзим қилиб, ўзларининг бахтли ҳаёти учун Буюк Доҳий ва Саркардага миннатдорлик билдиришлари шарт. Никоҳ маросимларида ҳам портретлар ўта муҳим аҳамият касб этади. Янги келин-куйов Доҳий ва Раҳбарнинг портретларига чуқур таъзим қилиши шарт. Никоҳ маросими никоҳ саройида ёки уйда ўтказилишидан қатъи назар, айнан шу таъзимлар тўйнинг энг муҳим нуқтаси саналади.
Портретга зиён етказиш айбдор учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Яқинда маълум бўлишича, Шимолга қочиб ўтган сўл қарашли таниқли корейс олими Ким Ён Чжун 1960-йилларда Ким Ир Сеннинг портретига бехосдан шикаст етказиб қўйиб, бунинг оқибатида ўзини қамоқда ўлим жазоси кутаётганидан қўрқиб, ўз жонига қасд қилган. Зеро, у жанубий кореялик бўлгани учун шундоқ ҳам шубҳа остида эди.
Айни пайтда, хавфли вазиятда доҳийларнинг портретларини сақлаб қолиш КХДР фуқаросининг бурчидир. Шимолий Корея газеталари Доҳий ва Саркарданинг портретларини ўз жонлари эвазига сақлаб қолган корейсларнинг қаҳрамонликлари ҳақида доимий ёзиб боради.
Масалан, 2008 йилда оммавий ахборот воситалари ишчи Кан Хён Гвоннинг жасорати ҳақида кўп ёзган. Ёзги тошқинлар пайтида Кан Хён Гвоннинг уйини сув босган. Қаҳрамон, кутилганидек, биринчи навбатда портретларни елимхалтага ўраб, беш ёшли қизини елкасига миндирган ва хавфсиз жойга етиб олишга уринган.
Бироқ қизча отасининг елкасида ўзини тутолмай, сувга йиқилган. «Нодон синмун» ва Корея Марказий телеграф агентлигининг ёзганларига ишонилса, Кан Хён Гвон ўша лаҳзада муқаддас портретларни қўлида янада маҳкамроқ сиқиб олган. Расмий хабардан қизалоқнинг чўкиб кетган-кетмагани ноаниқ, бироқ бу ноаниқлик китобхонлар бир нарсани англаб етиши учун атайин сақлаб қолинганга ўхшайди: қизчанинг тирик қолгани эмас, балки қаҳрамоннинг шундай оғир дамда ҳам портретларни қўлдан қўймагани муҳим.
2012 йилнинг ёзида «Нодон синмун» газетаси 14 ёшли Хан Хён Гёнгнинг ота-онаси ва ўқитувчилари ҳукумат мукофотлари билан тақдирлангани ҳақида хабар берди. Мактаб ўқувчиси сув тошқини вақтида сув босган уйдан «Пектусан тоғидаги уч Саркарда портретлари»ни қутқараман деб ҳалок бўлган. Қаҳрамон ўқувчининг онаси ва у ўқиган мактаб директорига I даражали «Миллат Байроғи» ордени, марҳум қизнинг отаси, директор ўринбосари ва синф раҳбарига эса нисбатан камтарроқ мукофотлар топширилди.
2019 йил 14 сентябрда ёнғин пайтида Доҳийлар тасвирларини қутқараётиб ҳалок бўлган Канвондо вилояти деҳқонлари Ким Сок Ён ва Юн Че Хога вафотидан сўнг Республика Қаҳрамони унвони берилди. Қаҳрамонлар ёнаётган уйдан портретларни олиб чиқишга муваффақ бўлган, бироқ ўзлари қаттиқ куйиш оқибатида вафот этган.
Шу боис шимолий кореялик мухлисаларнинг 2003 йилда портретларга нисбатан нотўғри муносабатга қатъий эътирози ажабланарли эмас. Албатта, қизларнинг бу хатти-ҳаракати қай даражада самимий бўлган — буниси бизга қоронғи, бироқ улар аслида нима деб ўйлашидан қатъи назар, одамлар олдида худди шундай йўл тутишлари шарт эди.
