Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 2026 йилги Номзодлар турниридаги ғолиблигини 14-турда хитойлик Вэй И билан дуранг ўйнаб якунлади.
Синдаров оқ доналарда ўйнаган ушбу партия тезкор «келишилган» дуранг билан ниҳоясига етди. 20 ёшли ҳамюртимиз анъанавий равишда дурангга ишора сифатида қараладиган машҳур вариантни танлади.
Турнир якунларига кўра, Синдаров имконият мавжуд 14 очкодан 10 очко жамғариб, мусобақанинг янги рекордини ўрнатди. У 2022 йилги Номзодлар турнирини 14 имкониятдан 9,5 очко билан якунлаган россиялик Ян Непомняшийнинг натижасидан ўзиб кетди. Аввалроқ Жавоҳир ғалабалар сони (6 та) бўйича ҳам рекордни янгилаган эди.
Аввал хабар берилганидек, Синдаров мусобақа якунланишига бир тур қолганда ғалабани нақд қилганди, шу сабабли сўнгги партия расмий характерда бўлиб, якуний ўринлар тақсимотига таъсир кўрсатмади.
Энди ёш гроссмейстер шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан куч синашади. Учрашув шу йилнинг охирида ўтказилиши кутилмоқда, жаҳон чемпионлиги матчининг санаси ва жойи FIDE томонидан кейинроқ эълон қилинади.
Синдаров унвондан ташқари 170 минг евро мукофот пули ишлаб олди — биринчи ўрин учун 70 минг евро ва ҳар бир ярим очко учун 5000 евродан (жами 100 минг евро).
