Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Россия президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди ва барча йўналишларда фаол мулоқотлар олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этди.
«Мамлакатимизда биринчи интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишга, шунингдек, тинч атом соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.
Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар, ёшлар ва ахборот сиёсати, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва фуқаролик ташаббуси соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди.
