• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент Фаррух Зокировни «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлади


Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда санъат ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари, ижодкор зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида миллий эстрада санъатининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ижодкор зиёлилар, «Ялла» ансамбли аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Давлат раҳбари сўзга чиқиб, Фаррух Зокировни ушбу қутлуғ сана билан самимий қутлади, унга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва янги-янги ижодий ютуқлар тилади.

Таъкидланганидек, Зокировлар сулоласи кўп йиллардан буён миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатимизнинг ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров асос солган санъат мактаби, миллий ўзбек эстрадаси асосчиларидан бири Ботир Зокировнинг бой ижодий мероси халқнинг улкан маънавий бойлиги сифатида юксак қадрланади.

Тадбирда Фаррух Зокиров нафақат халқимиз, балки бутун Марказий Осиё, Ҳамдўстлик мамлакатлари ва туркий элларнинг севимли санъаткори экани таъкидланди. Унинг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти деган фахрий унвонлар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон ва Ингушетия халқ артисти деган юксак унвонларга сазовор бўлгани унинг ижодига берилган катта баҳо сифатида қайд этилди.

Байрамда Тадбирда «Ялла» ансамбли аъзолари Жавлон Тўхтаев, Аббос Алиев, Темур Халиков ва Игорь Халиковнинг ҳам кўп йиллик самарали фаолияти эътироф этилди.

Бундан ташқари, Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи бериладиган бўлди.

Ушбу мактабда «Ялла» номидаги болалар ансамбли, ёшлар ижодий лабораторияси, замонавий овоз ва видео ёзиш студияси ташкил этилади. «Устоз-шогирд» анъаналари асосида эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорати синфлари йўлга қўйилади, устоз ижодкорларнинг ойлигига қўшимча устама тўланади. Мактабда аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчилар учун ихтисослашган санъат ва маданият таълим муассасаларига қабул бўйича алоҳида имкониятлар яратилади. Ҳар йили республика ҳудудларидан иқтидорли ўқувчилар мазкур мактабда ўз маҳоратини ошириб боради. Бюджет ҳисобидан иқтидорли ўқувчилар устозлари билан бирга нуфузли халқаро кўрик-танловларга юборилади ва муносиб рағбатлантирилади.

Тадбирда ушбу таълим даргоҳи юртимиздаги энг намунавий масканлардан бирига айланиб, Зокировлар сулоласи яратган бебаҳо ижодий меросни келажак авлодга етказишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Тантанали маросимда Президентимиз миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик беқиёс хизматлари учун Фаррух Зокировга «Буюк хизматлари учун» орденини топширди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *