Оқсил — чорва моллари ва чўчқаларда учрайдиган, шиддатли ўтадиган юқумли касаллик.
Россия
Россияда чорва молларини оммавий сўйиш 2025 йил охиридан Сибирь ва Поволжьеда бошланди. Расмийлар содир бўлаётган воқеаларни пастереллёз ва қутуриш авж олиши билан изоҳлади, бироқ расмий ҳужжатлар тақдим этилмади.
2026 йил март ойининг ўрталарига келиб, йирик шохли қорамоллар касалланиши Россиянинг камида 10 та минтақасида қайд этилди. Қатор ҳолатларда моллар эгалари йўқлигида нобуд этилди ёки полиция ёрдамида куч билан тортиб олинди.
Февраль-март ойларида Новосибирск, Омск, Пенза, Томск, Самара вилоятлари, Хакасия, Қалмиқистон, Удмуртия ва Олтой ўлкасида карантин чоралари, молларни олиб қўйиш ва йўқ қилиш жараёнлари жами 90,5 минг бошгача ҳайвонни қамраб олди.
Экспертлар ва Россия нашрларининг манбалари расмий диагнозга шубҳа билдирмоқда ва гап оқсил касаллиги (ящур) ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Уларнинг фикрича, касаллик ўчоқларини маҳаллийлаштириш бўйича кўрилаётган чораларнинг ўта қаттиқлиги айнан шу билан изоҳланади.
Қутуриш ҳақиқатан ҳам ҳайвонларнинг мавжуд «ўта хавфли касалликлари» рўйхатига киради, аммо пастереллёз антибиотиклар билан даволанади ва (паррандалардан ташқари) молни сўйишни талаб қилмайди. Оқсил эса, ўз навбатида, хавфли ва жуда юқумли вирус бўлиб, уни йўқ қилиш учун бутун дунёда чорва молларини сўйиш амалиёти қўлланади.
Оқсилнинг авж олиши Россияга гўшт ва сут маҳсулотларини олиб чиқишга тақиқ қўйилиши билан таҳдид қилиши мумкин. 2025 йил май ойида Жаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоялаш ташкилоти (ЖҲСҲТ) Россияни оқсилдан холи мамлакат деб тан олганди.
2025 йилда мамлакатда гўшт экспорти тарихий максимал даражага — 820 минг тоннага етди. Асосий импорт қилувчи давлатлар қаторида Беларусь, Қозоғистон, Хитой ва Яқин Шарқ мамлакатлари бор.
«Новая Газета Европа» нашрининг қайд этишича, ЖҲСҲТ мақоми йўқотилган тақдирда, уни қайта тиклаш унчалик осон бўлмайди. Аввалига касаллик ўчоғини тугатиш, оммавий вакцинация ўтказиш ва узоқ вақт давомида янги ҳолатлар йўқлигини исботлаш керак бўлади, бунинг учун эса бир неча йил талаб этилиши мумкин.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ташқи қишлоқ хўжалиги хизмати (FAS) март ойидаги ҳисоботида «маҳаллий манбалар ва савдо алоқалари»га таяниб, Россия расмийлари томонидан, айниқса, Новосибирск вилоятида кўрилаётган чоралар кўлами «тасдиқланмаган шаклда оқсил авж олишидан далолат бериши мумкинлигини» ёзганди.
Бунга жавобан Россельхознадзор FAS ҳисоботидаги даъволар «ҳақиқатга тўғри келмаслигини», Новосибирск вилоятида ҳайвонларни оқсилга қарши режали эмлаш ишлари эса 2022 йилдан бери ўтказиб келинаётганини маълум қилган.
Хитой
2026 йил апрель ойи бошида Хитой Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ганьсу провинцияси ва Шинжон-Уйғур автоном районида оқсил авж олганини тасдиқлади. Касаллик умумий сони 6 минг бошдан ортиқ бўлган иккита подадаги 219 та ҳайвонда аниқланган. Провинция расмийлари чорва молларини сўйиш ва дезинфекция ишларини бошлаб юборган.
Касалланган ҳайвонларда оқсил вирусининг SAT1 серотипи аниқланди. Бу ушбу серотипнинг Хитойга кириб келиши билан боғлиқ илк ҳолатдир. Мамлакатда мавжуд бўлган вакциналар ушбу штаммга қарши таъсир қилмайди.
Хитой расмийлари вирус мамлакатга Қозоғистон, Монголия ва Россия билан туташ бўлган шимоли-ғарбий чегара орқали кириб келганини очиқчасига маълум қилди. ХХР, шунингдек, чегара назоратини кучайтирди ва вакцина ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштирди.
Қозоғистон
2026 йил март ойи охирида Қозоғистон Россиядаги эпизоотик вазиятнинг ёмонлашиши фонида уй ҳайвонларини кенг кўламли вакцинация қилиш бошланганини маълум қилди.
«Биз ўтган ҳафтада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги орқали тегишли препаратларни зудлик билан сотиб олиш тўғрисидаги қарорга овоз бердик. Барча чорва моллари тўлиқ эмланади. Ветеринария ҳимоясини, айниқса, чегарада кучайтирдик», — деб баёнот берди Қозоғистон бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев. У, шунингдек, мамлакатда ҳайвонларнинг оқсил билан касалланиши бўйича «жиддий ҳолатлар» аниқланмаганини қўшимча қилди.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги олдини олиш мақсадида Россия ҳудудларидан ҳайвонларни, чорвачилик маҳсулотларини, термик ишлов берилмаган озуқа ва қўшимчаларни олиб кириш ҳамда транзит қилишга чеклов ўрнатди.
