Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни ўтказилган йиғилишда Тошкент шаҳрида архитектор, лойиҳачи ва урбанистика соҳаси учун биринчи креатив паркни ташкил этиш, шунингдек, ихтисослаштирилган олий таълим муассасасини ишга тушириш бўйича топшириқ берди.
Февраль ойида президент томонидан креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун солиқ ва бошқа имтиёзларни кўзда тутувчи алоҳида қарор имзоланган эди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида пойтахтда креатив парк очиш, шунингдек, ҳудудларда ҳам шу каби кластерларни ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Тошкентда янги ўқув йилидан урбанизация, кадастр ва геодезия соҳасида кадрлар тайёрлайдиган, ўзини ўзи молиялаштирувчи олийгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Бу ерда ўрта бўғин кадрлари учун техникум ҳам бўлади.
Давлат раҳбари халқаро инфратузилма лойиҳаларига алоҳида тўхталиб ўтди ва ҳозирги вақтда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қиймати 20 млрд доллардан ортиқ бўлган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, президент ҳатто йирик маҳаллий компаниялар ҳам ушбу бозорга тўлиқ кира олмаётгани ва субпудратчи сифатида ишлашга мажбур бўлаётган ҳолатни танқид қилди.
Унинг сўзларига кўра, мутасадди идоралар музокаралар давомида маҳаллий қурувчиларнинг салоҳиятини кўрсатиб бера олмаяпти, шартномаларни шакллантиришда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилмаяпти ва уларни халқаро тендер талабларига ўргатмаяпти.
Шу муносабат билан, маҳаллий лойиҳачилар, қурувчилар ва консультантларни халқаро тендерларда иштирок этишга тайёрлаш тизимини яратиш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қурилиш компаниялари қўшни давлатлардаги халқаро лойиҳаларда эндиликда бош пудратчи сифатида иштирок эта бошлаганини ижобий баҳолади.