15 апрель куни Туркия жануби-шарқидаги Каҳраманмараш шаҳридаги ўрта мактабда отишма юз берди, деб хабар қилмоқда CNN Turk.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи аввал мактаб ҳовлисида ўт очган, сўнг ўқув муассасаси ичига кириб, отишмани давом эттирган. Ҳодиса оқибатида яраланганлар бор.

NTV телеканали камида 4 киши ҳалок бўлгани ва 20 киши яралангани ҳақида хабар бермоқда. Каҳраманмараш губернатори Мукаррем Унлюернинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг бири ўқитувчи, яна уч нафари мактаб ўқувчиларидир. Ҳужум қилган шахс саккизинчи синф ўқувчиси бўлган.

Адлия вазири Акин Гурлекка кўра, мазкур қуролли ҳужум юзасидан Каҳраманмараш Бош прокуратураси томонидан зудлик билан тергов ҳаракатлари бошланди; 3 нафар бош прокурор ўринбосари ва 4 нафар прокурор тайинланди.

Бир кун аввал, 14 апрель куни Туркиянинг Шанлиурфа вилояти Сиверек туманидаги Аҳмет Коюнжу номли касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейи биносида отишма содир бўлганди. Ҳужумчи лицей биносига ов милтиғи билан кириб, тартибсиз равишда ўт очган. Шанлиурфа губернатори Ҳасан Шилдакнинг хабар беришича, ҳодиса оқибатида 16 киши жабрланган.