Тошкент ва Ереван ўртасида мунтазам йўловчи авиақатновларни 2026 йил май ойидан йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар бермоқда.

Қайд этилишича, парвозлар ҳафтасига бир марта Boeing 737 самолётларида амалга оширилиши кутилмоқда.

«Янги йўналишнинг очилиши Ўзбекистон ва Арманистон ўртасидаги туризм ва бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат йўловчилари учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ ушбу йўналиш бўйича сафар қилиш учун йўловчилар Москва, Истанбул ёки Тбилиси орқали трансфер билан учишга мажбур эди.

Маълум қилинишича, мазкур йўналишда Еревандаги «Звартноц» халқаро аэропортида жойлашган Арманистоннинг Shirak Avia авиакомпанияси ташувчи сифатида фаолият юритади.

Қайд этилишича, янги рейслар йўлга қўйилса, бу сўнгги ўн йилликларда илк тўғридан-тўғри авиақатнов бўлади.

Тошкент ва Ереван ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш масаласи 2017 йилда Ўзбекистон ва Арманистон бош вазирлари Абдулла Арипов ҳамда Карен Карапетян ўртасидаги учрашувда ҳам муҳокама қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 июндан Маскат-Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ўзаро сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Shirak Avia авиакомпанияси 2019 йилдан буён ишлаб келмоқда ва бир қатор халқаро йўналишларда парвозларни амалга оширади. Унинг авиапарки Boeing 737 туркумига мансуб самолётлардан иборат.