• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент йил бошидан буён олтинчи марта Ўзбекистон нефть-газ тармоғи муаммоларини муҳокама қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни нефть-газ тармоғидаги муаммоларга бағишланган навбатдаги йиғилишни ўтказди. Бу йил бошидан буён шу форматдаги олтинчи муҳокама бўлиб, аввал бундай учрашувлар 12 ва 30 январь, 23 февраль, 10 ва 25 март кунлари ўтган эди.

Давлат раҳбари сешанба кунги йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» давлат компаниясининг биринчи чоракдаги фаолияти якунлари, иккинчи чорак учун вазифалар, шунингдек, ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлар динамикасини кўриб чиқди.

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ҳисобот даври бўйича асосий кўрсаткичларни очиқлади.

Унга кўра, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш режадан 6 фоизга, жамият даромадлари 10 фоизга, инвестиция кўрсаткичлари 60 фоизга, экспорт ҳажми эса 30 фоизга ошган.

Компанияни молиявий соғломлаштириш ҳам ижобий динамика кўрсатди. Йил бошидан буён дебитор қарздорлик 1,3 трлн сўмга қисқартирилди. Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» ва унинг тизимидаги ташкилотлар давлат бюджетига 1,9 трлн сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўтказган.

Суҳроб Ҳамроевнинг маълум қилишича, биринчи чоракда олиб борилган геология-қидирув ва бурғилаш ишлари натижасида қўшимча 2 млрд куб метр газ ва 40 минг тонна суюқ углеводород захиралари яратилган.

«Ўзбекнефтгаз» раиси Абдуғани Сангинов. Фото: Президент матбуот хизмати

Иккинчи чоракда бу кўрсаткичларни яна ошириш режалаштирилмоқда. «Иккинчи чоракда 5 миллиард метр куб газ захираси яратилиши ҳамда суюқ углеводородлар захираси эса 100 минг тоннагача оширилиши режалаштирилган», — деди Суҳроб Ҳамроев.

Давлат раҳбарига иккинчи чоракда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича дастур ҳам тақдим этилди. Кунлик қазиб чиқариш ҳажмини 6,7 млн куб метрга (йилига тахминан 2,44 млрд куб метр) ошириш учун қуйидаги чоралар назарда тутилган:

  • 22 та янги қудуқ бурғилаш (аввал Хитойнинг XIBU компанияси билан шартномалар имзоланган);
  • 31 та қудуқни мукаммал таъмирлаш;
  • 21 та технологик тадбирлар ўтказиш.

Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш

2021 йил август ойида президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда тақдим этилган маълумотларга кўра, «Ўзбекнефтгаз» ҳиссасига 111 та кон ва жорий захираларнинг 50 фоизи, яъни 934,1 млрд куб метр газ тўғри келган. Ўша вақтда «Лукойл» 413,1 млрд куб метр (22,1%), Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 млрд (5,9%), Surhan Gas Chemical — 106,6 млрд (5,8%), Jizzakh Petroleum (ҳозирги Sanoat Energetika Guruhi, SEG) — 84,9 млрд куб метр (4,5%) захирага эга конларда ишлаётган эди.

Шундан буён мамлакатда газ қазиб чиқариш ҳажми қисқариб келган. Агар 2021 йилда ишлаб чиқариш 53,8 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунларига кўра 42,3 млрд куб метрга тушган. Бу 21,3 фоизга камайишни (-11,5 млрд куб метр) англатади.

Жорий йил февраль ойида газ қазиб чиқариш 3,4 млрддан 3,2 млрд куб метргача камайган. Бироқ ўтган йилнинг шу даври учун маълумотлар билан таққослаганда кўрсаткич аслида 3,5 млрддан 3,2 млрд куб метргача тушган. Пасайиш ўртача кунлик кўрсаткичларда намоён бўлади: ўтган йил февралда кунига 125 млн куб метр газ қазиб олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 114 млнга тушган (январда у 119 млн куб метрни ташкил этган).

«Ўзбекнефтгаз» компанияси ўтган йил якунларига кўра 25,2 млрд куб метр газ қазиб чиқарган, бу прогнозлардан паст. 2026−2027 йилларда барқарор қазиб чиқариш ҳажмларини сақлаб қолиш, шунингдек, газ захиралари ва қайта ишлашни кўпайтириш режалаштирилган.

Gazeta аввалроқ табиий газ қазиб чиқариш бўйича расмий маълумотларда тафовутлар борлигига эътибор қаратган эди. Саноат ишлаб чиқариши ҳисоботида 2025 йил якунига кўра мамлакатда 42,3 млрд куб метр газ қазиб олингани қайд этилган. Бу 2024 йилга нисбатан 1 млрд куб метрга ёки 2,4 фоизга кўп (2024 йилда-41,3 млрд куб метр).

Бироқ 2024 йил учун эълон қилинган дастлабки статистикада газ қазиб олиш ҳажми44,6 млрд куб метрдеб кўрсатилган эди. Натижада турли маълумотлар ўртасидаги фарқ 3,3 млрд куб метрни, яъни йиллик қазиб чиқариш ҳажмининг тахминан 8 фоизини ташкил этган — бу қарийб бир ойлик газ қазиб чиқариш ҳажмига тенг.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *