Озарбайжон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари қўшма баёнот эълон қилиб, унда томонлар Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолётининг ҳалокатга учраши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш бўйича келишувга эришганини маълум қилди.
«РФ ва Озарбайжон президентларининг 2025 йил 9 октябрда Душанбедаги учрашуви чоғида эришилган келишувларга мувофиқ, томонлар 2024 йил 25 декабрда РФ ҳаво ҳудудида ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимининг бехосдан содир этган ҳаракати оқибатида Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган AZAL авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти бўйича тегишли тартибда келишиб олди, жумладан, товон пули тўлаш масаласи ҳал қилинди», — дейилади баёнотда.
«Амалга оширилган қадамлар иттифоқчилик алоқалари доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган икки томонлама интилишни тасдиқлайди», — дея таъкидланади ҳужжатда.
Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Embraer 190 йўловчи самолёти 2024 йил 25 декабрь куни Ақтау яқинида ҳалокатга учраганди. Лайнер бортида 67 киши, жумладан, беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Авиаҳалокат туфайли 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши омон қолган. Йўловчилар орасида Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бор эди. Қулаш оқибатида самолёт парчаланиб кетган ва қисман ёнган.
2025 йилнинг февраль ойида Қозоғистон Транспорт вазирлиги авиаҳалокат юзасидан олиб борилган терговнинг дастлабки ҳисоботини эълон қилган. Комиссия самолёт корпусида кўплаб шикастланишларни аниқлаган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу шикастланишлар «ташқи объектлар» таъсирида юзага келган.
Озарбайжон Россиядан AZAL самолёти ҳалокати учун айбни тан олишни, тергов шаффофлигини, масъулларни жазолашни ва жабрланганларнинг оилаларига товон пули тўланишини бир неча бор талаб қилган. 2025 йил июль ойида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев мамлакат Россияга қарши халқаро суд инстанцияларига топшириш учун ҳужжатлар тайёрлаётганини маълум қилганди. У етти ой давомида Боку Россия расмийларидан авиаҳалокат юзасидан «ҳеч қандай жавоб» олмаганини таъкидлаган ўшанда.
2025 йил октябрь ойида Россия президенти Владимир Путин Илҳом Алиев билан учрашув чоғида AZAL самолётига шикаст етказган воситалар Россия ҲҲМ ракеталари эканини тан олган.
