Шавкат Мирзиёев Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбари ёш гроссмейстерни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта мазкур нуфузли мусобақада зафар қозониб, том маънодаги тарихий ғалабага эришгани билан самимий табриклади.
«Мени фақат хурсанд қилиб юрибсан. Бутун халқимиз дуода эди, мана шу дуолари ижобат бўлди. Юртимизнинг куч-қудратини, ёшлар нимага қодир эканини, учинчи ренессанснинг пойдевори Ўзбекистонда бўлишини бутун дунёга тараннум этдинг», — деди президент мулоқотда.
Суҳбатда Жавоҳир Синдаров ушбу турнирда илгари ҳеч ким ета олмаган юксак маррани забт этгани, 13 та ўйинда 6 маротаба ғалаба қозонгани спорт оламида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида таъкидланди.
«Ўзбекистон шахмат тарихида илк бор ФИДЕ номзодлари турнирида муддатдан аввал ғалаба қозонганинг, мусобақада бир марта мағлубиятга учрамаганинг, бир қанча рекордларни янгилаганинг, 13 та ўйинда 6 та ишончли ғалаба қозонганинг, Хоразмий, Беруний боболаримизга муносиб иш қилганинг ва Амир Темур бобомизнинг юбилей кунларида бу ишни қилганингдан халқимиз жуда хурсанд», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ёш гроссмейстер дунёнинг энг донгдор шахматчиларига қарши ҳар бир баҳсда катта жасорат ва маҳорат билан дона суриб, кучли ирода, юксак интеллектуал салоҳият ва қатъият фазилатларини намоён этганини қайд этди.
«Энг юқори рейтинг гроссмейстерларини кучли ирода ва жасорат билан мағлуб этдинг. Сенга манаман деган шахматчилар ҳам тан беряпти. Мана шу учинчи Ренессанс бунёдкорларининг шижоатини яққол кўрсатдинг ва дунёга намойиш этдинг. Яна бир марта баланд табриклайман, ғурурланаман. Қаҳрамонимизсан, шуни билгин», — деди давлат раҳбари.
Президент энди Жавоҳир Синдаров олдида жаҳон тожи учун ҳал қилувчи ва шарафли беллашув турганини қайд этиб, бўлажак ўйинларда унга янада улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади.
Суҳбатда жорий йил Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳир Синдаровнинг иштироки, шубҳасиз, жамоамизга катта руҳ ва ишонч бағишлаши қайд этилди.
«Ҳар сафар айтган гапингни устидан чиқаяпсан. Шунинг учун йилнинг охирида насиб бўлса, жаҳон тожини ҳам ватанимизга ваъда берганингдек албатта олиб келасан. Бунга мен ишонаман», — деди Шакат Мирзиёев.
Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари Жавоҳир Синдаровнинг ота-онаси, яқинлари, устоз ва мураббийларини ҳам ушбу тарихий ғалаба билан чин юракдан табриклади.
Жавоҳир Синдаров эътибор, самимий қутлов ва билдирилган ишонч учун президентга миннатдорлик билдирди.
«Раҳмат каттакон, ҳурматли президент. Албатта, барча ғалабаларимнинг тагида юртимизни қўллаб-қувватлаши, шахсан ўзингизнинг қўллаб-қувватлашингиз ҳамда ушбу мусобақа тайёргарлиги учун ҳомийлар бириктириб берилиши ва ушбу мусобақага максимал даражада кучли тайёргарлик кўришимнинг ҳаммаси, албатта, шунинг замирида ётибди. Катта раҳмат», — деди Синдаров.
«Албатта, бу бошланиши. Олимпиадада ҳам юртдошларимиз билан ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз ҳамда йилнинг охирида бўлиб ўтадиган жаҳон тожи учун курашда, Худо хоҳласа, ўшанда ҳам ғалаба қозонаман. Катта раҳмат қўллаб-қувватлаб турганинглар учун. Мен буни ҳис қилдим. Ўзбекистонда ҳаттоки билбордларда турганим турнир мобайнида менда жуда ҳам катта ҳаяжон уйғотди, тўғрисини айтсам», — деди Номзодлар турнири ғолиби.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель куни Номзодлар турнирининг 13-турида 20 ёшли ўзбекистонлик тажрибали нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гирига қарши ўйнади. Бу сафар Синдаров қора доналар билан дуранг қайд этди.
Бунинг натижасида Жавоҳир Синдаров 13 партиядан 9,5 очко тўплаб, якуний биринчи ўринни муддатидан олдин кафолатлади. Мусобақа тугашига бир тур қолганда, у билан энг яқин таъқибчилари ўртасидаги фарқ 2 очкони ташкил қилди. Бу шуни англатадики, якуний 14-турда Синдаров Вэй Ига ютқазиб қўйса ва Аниш Гири ғалаба қозонса ҳам, ҳеч ким уни етакчиликдан маҳрум қила олмайди.
У шунингдек, 2022 йилда 14 партияда 9,5 очко тўплаб, турнирни муддатидан олдин ютиб олган россиялик Ян Непомняший рекордини такрорлади.
Энди ёш гроссмейстер жаҳон шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши матчда иштирок этади. Матч йил охирида ўтказилиши кутилмоқда, унинг аниқ санаси ва жойи кейинроқ ФИДЕ томонидан эълон қилинади.