Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Норвегиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Хелен Санд Андресеннинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда вазир ўз Telegram саҳифасида хабар берди.

Маълум қилинишича, томонлар Ўзбекистон ва Норвегия ўртасидаги муносабатларда ҳали тўлиқ рўёбга чиқмаган катта салоҳият мавжудлигини қайд этган.

Вазир элчига фаолияти давомида муваффақиятлар тилаб қолган. «Элчи хонимга мамлакатимиздаги фаолияти давомида барча соҳалардаги кенг имкониятларни ишга солишда муваффақиятлар тилаймиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил майида Ўзбекистоннинг Норвегияга янги тайинланган элчиси Раҳматулла Нуримбетов мамлакат қироли Харальд V-га ишонч ёрлиқларини топширган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Норвегия ўрасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 июнда ўрнатилган.

Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган йиғилишда масъул мансабдор шахсларга Ўзбекистон фуқароларини юқори маошли ишларга йўналтириш бўйича Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувларга эришишни топширганди.