• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сурхондарёда Cobalt’да ЙТҲ содир этиб, дугонасининг вафотига сабаб бўлган қиз 1,5 йилга қамалди


Сурхондарё вилоятида ҳужжатсиз ҳолда автомобиль бошқариб, йўл-транспорт ҳодисасига учраган ва ёнида бўлган дугонасининг вафотига сабаб бўлган талаба қизга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, 2025 йил 23 ноябрь куни соат 15:40 атрофида олий таълим муассасаларидан бирининг 4-босқич талабаси Cobalt русумли автомобилни ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқарган ҳолда пойтахт томон йўлга чиққан.

Қайд этилишича, у узоқ масофага ёлғиз йўлга чиқмаслик мақсадида ўзи билан бир олий таълим муассасасида ўқийдиган танишини ҳам шерик қилиб олган.

Шеробод — Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчи тезликни ошириб, бошқарувни йўқотган. Оқибатда автомобиль йўлдан чиқиб кетиб, Шеробод дарёсига тушиб кетган.

ЙТҲ оқибатида автомобилда йўловчи сифатида бўлган талаба қиз олган жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди ҳукмига кўра, ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 3 йилга маҳрум қилиш ҳамда 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълумот учун, 2025 йили Ўзбекистонда 9226 та ЙТҲ оқибатида 2188 киши ҳалок бўлган ва 8901 киши жароҳат олган (йил давомидаги камайиш — 1 фоиздан кам). Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХнинг қайд этишича, ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ҳисобланганда, ҳалок бўлганлар сонининг йиллик камайиши сезиларлироқ — 2021 йилдаги 6,9 нафардан 2025 йилда 5,7 нафаргача (-17%) пасайган.

2026 йилнинг 3 ойида Ўзбекистонда 1102 та ЙТҲда 346 киши вафот этди. Таҳлилларга кўра, ЙТҲларнинг 32,9 фоизи белгиланган тезликка риоя этмаслик, 22,4 фоизи светофор талабларига амал қилмаслик, 13,6 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик оқибатида содир бўлган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *